Home / ЯНГИЛИКЛАР / Буюк Британиядаги кутубхонадан Навоийнинг тўртта қўлёзмаси топилди

Буюк Британиядаги кутубхонадан Навоийнинг тўртта қўлёзмаси топилди

Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форумида мамлакатимиз ва хорижлик 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирда хорижий мамлакатларнинг кутубхоналари, музейлари, илмий муассасалари, шахсий коллекцияларидан топилган янги осори атиқалар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Шундай нодир топилмалардан бири мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг Буюк Британиядан топилган, унинг тириклик пайтида кўчирилган ноёб қўлёзмасидир.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бу ҳақда шундай деди:

– Мазкур қўлёзмалар “Хамса” бешлиги таркибига кирган, алоҳида муқоваланган достонлар бўлиб, XV аср охири XVI аср бошларидан Ҳиротда, темурий шаҳзода, Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо топшириғига кўра Алишер Навоийга туҳфа қилиш учун кўчирилган, – деди Ф.Абдухолиқов. – Бу қўлёзмалар Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда. Биз бу ерда фақат тўртта достонни топа олдик. Демак, улардан яна бири қаердадир бўлиши керак. Китоблар жуда чиройли безатилган, алоҳида дид ва маҳорат билан кўчирилган. Қўлёзмалар Навоий асарларининг асосий котиби Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган, миниатюраларни Камолиддин Беҳзод ишлаган бўлиши ҳақиқатга яқин. Ҳали бу асарлар тегишли мутахассислар томонидан жиддий ўрганилиши, тадқиқ этилиши лозим. Чунки биз бу топилмалар ҳақида таниқли навоийшунос олимларимизга айтганимизда, улар ҳайратда қолишди. Буни қарангки, шу пайтгача бу қўлёзмалар адабиётшуносларимиз учун сир бўлиб келган. Биз келгусида, албатта, буюк боболаримизга тегишли бу жавоҳирларнинг аслиятдан қолишмайдиган факсимиле нусхаларини тайёрлаб, Ватанимизга туҳфа этамиз. Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда иштирокчилар хорижий мамлакатларда сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Зафарнома”, “Темур тузуклари”, “Равзатус-сафо” китоблари билан танишишга муваффақ бўлади.

Манба: muslim.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …