Омонат – киши бажариши ва муҳофаза қилиши керак бўлган барча ҳақлар.
Киши имкони бўла туриб ўзига ишониб топширилган пул, буюм ва бошқа нарсаларни ишлатишдан тийилиши ва омонатчига уни қайтариб бериши, омонатдорлик дейилади.
Кафавий омонат таърифида бундай деган: “Бандаларга фарз қилинган ҳар бир нарса – намоз, закот, рўза ва қарзни тўлаш кабилар омонатдир. Энг муҳим омонат эса сирларни сақлашдир”.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюради” (Нисо, 58).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Омонат ҳақларни адо қилиш ва уларни сақлашдир. Мусулмон киши ҳар қандай шароитда омонатга риояа қилади, ибодатда Аллоҳнинг ҳақини адо этади, аъзоларини ҳаромдан сақлайди, омонатни қайтаради ва ҳоказо. Бу ислом одоб-ахлоқининг олийжаноб хислати ва асосий жиҳатларидандир. Омонатдорлик осмонлар, ер ва тоғлар залвори туфайли кўтаришдан бош тортган пайтда одамзод зиммасига олган улуғ бурчдир. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди…” (Аҳзоб, 72).
Омонатнинг турлари кўп.
Хусусан, ибодатдаги омонат мусулмоннинг фарзларга амал қилишидир. Шунга кўра у диннинг фарзларини лозим бўлган даражада адо этади, намоз ўқийди ва рўза тутади, ота-онани ҳурмат қилади ва бошқа фарзларни оламларнинг Рабби Аллоҳга содиқлик билан бажаради.
Аъзолар муҳофазасидаги омонат деганда, аввало аъзоларнинг ҳаммаси омонат эканини айтиб ўтиш зарур. Уларни асраб-авайлаш, Аллоҳни ғазаблантирган нарсага ишлатмаслик керак. Кўз ҳаромдан тийилиши, қулоқ эса ҳаромни тинглашдан сақланмоғи керак бўлган омонатдир, қўл омонатдир, оёқ омонатдир ва ҳоказо.
Ишдаги омонатга келсак, инсон ўз бурчини энг яхши тарзда бажариши ҳам омонатдорлик ҳисобланади. Ишчи ўз ишини пухта эгаллаб, тиришқоқлик ва ҳалоллик билан бажаради. Таълимда ҳам омонат бор: талаба эса ўз бурчини адо этмоқчи бўлса, илм ва дарс таҳсили учун интилади, ота-онанинг оғирини енгил қилади.
Савдодаги омонат шуки, мусулмон ҳеч кимни алдамайди, фириб бермайди ва хиёнат қилмайди. Молининг айбини яширмай, борича сотади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таом (буғдой, арпа) сотаётган бир кишининг ёнидан ўтаётиб, қўлларини уюм ичига киргизганда, намликни сездилар. Шунда у зот: “Эй таом эгаси, бу нима-си?” дедилар. У киши: “Эй Расулуллоҳ, осмондан ёмғир ёғди”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, одамлар уни кўриши учун устига қўймайсанми? Ким бизни алдаса, биздан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Сўздаги омонат. Кишининг сўз масъулиятини ҳис қилиши, унинг қадри ва аҳамиятини билиши омонатнинг бир қисмидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ширин сўз садақадир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа томондан, киши биродарининг гапини, ишонган сирини ичида сақлаши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Киши бир гапни айтаётиб ён атрофга қараб қўйса, ўша гап омонатдир”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Омонатдорликнинг аҳамияти
Кимда омонатдорлик фазилати бўлса, у Аллоҳ таолонинг розилиги ва одамларнинг меҳри ва ҳурматини қозонади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша омонатдор бўлганлар. Илоҳий рисолат юборилишидан олдин ҳам, ўз қариндошлари ва бутун маккаликлар тарафидан амин – омонатдор, ишончли ва ростгўй деб тавсифланганлар.
Омонатдорлик шахснинг гўзал феъл-атвори ва ахлоқининг жуда муҳим далилидир. У дунё ва охиратда буюк муваффақиятга етаклайди.
Омонатдорлик бутун жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайди, унга амал қилиш меҳр ва ишончни, одамлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, улар ўртасида нафрат ва гина-кудурат тарқалишининг олдини олади.