Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” туркумидаги онлайн семинар Фитрат фаолиятига бағишланди

“Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” туркумидаги онлайн семинар Фитрат фаолиятига бағишланди

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган туркум онлайн семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Навбатдаги семинар “Бухорода жадидчилик ёки Абдурауф Фитратнинг илк фаолиятига янгича қараш” мавзусига бағишланди.

Унда Марказ ва юртимизда фаолият юритаётган қатор илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг олимлари, жами 50 га яқин иштирокчи қатнашди.

Семинар мавзуси юзасидан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Зайнабидин Шарабидинович Абдирашидов маърузаси тингланди.

Олим маърузасида Туркистонда рус мустамлакачилигига қарши юзага келган миллий демократик жадидлар ҳаракати ва унинг аъзолари фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб, Россия империясининг Ўрта Осиё қисмида ушбу ҳаракатнинг жадал ривожланишини Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат ва бошқа етакчиларнинг кўрсатган жонбозликлари билан узвий боғлади.

Дарҳақиқат, Туркистон жадидчилигининг ёрқин сиймоларидан бўлган Фитратнинг фаолияти, айниқса бадиий асарлари Бухоро жадидчилиги тарихида сезиларли роль ўйнади. Илк фаолиятини ёритувчи маълумот ва манбалар етарли бўлмаса-да, мусулмонларнинг жаҳолат ва қолоқликдан қутулиш йўлини замонавий илм-фанда кўрган Фитрат қисқа муддатда Бухоро ва Туркистон ўлкасида ҳаракатнинг ғоявий етакчиларидан бирига, унинг “Мунозара” асари эса жадидлар ҳаракатининг манифестига айланди.

“Истанбулда унинг фаолиятида катта ўзгаришлар рўй берди. Гарчи у моддий муҳтожликда яшаган бўлса-да, маънавий жиҳатдан ҳам шарқ адабиёти тарихи, ҳам аниқ ва ижтимоий фанлар бўйича чуқур билимга эга бўлди. Кейинчалик бу билимлар Фитратни долзарб мавзуларни бадастир ёритадиган ёзувчи, файласуф, ҳурфикрли инсон сифатида шакллантирди”, дея таъкидлади нотиқ.

Шунингдек, маърузада олим Фитратнинг ҳаракат тараққиётига қўшган ҳиссаси, эришган ютуқлари ҳамда таълим соҳасини ривожлантириш йўлидаги заҳматли фаолияти ҳақида маълумот берди.

 Семинар сўнггида тадқиқотчи иштирокчилар саволларига батафсил жавоб қайтарди.

                                                               Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …