Home / ЯНГИЛИКЛАР / ​Тошкент шаҳрида яна бир халқаро тадбир ўтказилмоқда

​Тошкент шаҳрида яна бир халқаро тадбир ўтказилмоқда

Ўзбекистон маданий меросига бағишланган халқаро мультимедия форум бошланди.
 
photo5219672754557659514.jpg
 
Тошкентда ўтказилаётган нуфузли тадбирда мамлакатимиз ва хориждан таниқли шарқшунос олимлар, маданият ва санъат арбоблари, халқаро ташкилотлар, вазирликлар, сайёҳлик компаниялари, медиа тузилмалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодий жамоалар, кинорежиссёр ва продюсерлар, блогерлар иштирок этмоқда. 
 
Форум олдидан Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг доимий кўргазмаси очилди. 
 
Кўргазмадан “Ўзбекистон архитектура эпиграфикаси” 13 томли туркуми, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” 10 томли туркуми ва “Катта Лангар Қуръони”, “ Девони Ҳусайни”, “Зафарнома”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Поклик боғи” қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари жой олган. 
 
Мазкур экспонатлар мамлакатимиз маданий меросида қимматли ўринга эга бўлиб, улар ичида Қуръони Каримнинг “Катта Лангар Қуръони” номи билан машҳур айнан нусхаси ниҳоятда бебаҳо ва қадимийдир.
 
Маълумотларга кўра, ушбу қўлёзма VIII аср ўрталарида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган бўлиб, Усмон Қуръонининг нодир нусхаларидан биридир. Нусханинг бизгача етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида, 16 саҳифаси Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Катта Лангар қишлоғида сақланади. 
 
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, қатор миллий ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган бўлиб, халқаро мультимедиа форуми доирасида иштирокчилар унинг 2018 йилдаги сарҳисоби билан таништирилади. Лойиҳанинг 2019 йил учун”Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, “Замонавий дунёдаги маданий мерос: сақлаш ва оммалаштириш” мавзусида илмий-амалий анжуман, X ижтимоий медиа маҳсулотлар миллий фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими каби қатор тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. 
 
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди. 
Манба: uza.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …