Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказида изланиш олиб бораётган илмий ходими Барот Амонов Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори Илҳом Бекмирзаев билан бирга Кембриж университети ҳузуридаги Кембриж Марказий Осиё форуми (CCAF- Cambridge Central Asia Forum) раҳбари доктор Сиддхарт Саксена билан учрашди.
Марказ ва Кембриж Марказий Осиё форуми ўртасида 2018 йилда имзоланган Меморандум доирасидаги ҳамкорлик COVID-19 пандемияси туфайли маълум муддатга тўхтаб қолган эди.
Учрашувда Б.Амонов Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари, илмий муассасалар, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида олиб борилаётган илмий, таржима ва нашр ишлари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, И.Бекмирзаев ҳам Мовароуннаҳр тарихи ва маданияти, алломалари ва илмий меросини тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар хусусида сўзлади.
Доктор Саксена ҳам ўз навбатида форумда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган илмий изланишлар, амалга оширилаётган қўшма илмий лойиҳалар ҳамда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Университет академик-ўқитувчилари томонидан 2001 йилда Кембриждаги “Jesus College”да ташкил этилган фанлараро форум фаолияти мазкур университетнинг Ривожланиш тадқиқотлари маркази билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, асосий мақсади Кембрижнинг Марказий Осиё ва Кавказдаги илмий фаолиятини умумлаштириш ва энг яхши фанлараро кўзга кўринган мутахассисларни минтақада тадқиқот олиб боришга қизиқишини оширишдан иборат. Форум фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши Марказий Осиё давлатлари ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама академик алоқаларни ривожлантириш, жумладан, санъат ва ижтимоий фанлар, муҳандислик ҳамда тиббиёт соҳасидаги тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда Марказий Осиё ва Евроосиё минтақаларида фанлараро янги тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган. CCAF бошқарув қўмитасига профессор Лорд Роберт Мейр раислик қилади. Форумга ижрочи раҳбарликни эса Кембриж университетининг Кавендиш лабораторияси бош олими ва “Jesus College” коллежининг ҳамкори, доктор Сиддхарт Саксена амалга ошириб келмоқда.
Доктор Саксена билан ўтказилган мулоқотда истиқболда Ўзбекистон билан турли йўналишларда, хусусан Самарқанд, Бухоро шаҳарлари тарихи ва маданияти юзасидан илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва илмий мероси бўйича семинарлар ташкил этиш ва икки томонлама кадрлар малакасини оширишни йўлга қўйиш борасида қатор келишувларга эришилди.
Учрашув якунида доктор Саксенага марказ нашрларидан намуналар тақдим этилди.