Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Франциянинг илмий тадқиқотлар миллий маркази олималари ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олди. Хорижлик мутахассисларга Марказ музейи, кутубхона фонди ва илмий фаолият олиб бориш учун яратилган шароитлар кўрсатилди.
Ўзбекистон ва Франция илмий-тадқиқот марказлари ҳамда маданий муассасалари ўртасида 2018-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид “Йўл харитаси”нинг бир неча бандлари Франциянинг мазкур йирик илмий муассасаларидан бирига тегишли бўлиб, унга кўра бугунги кунга қадар қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази профессори Изабел Оҳаян ҳамкорликнинг айни пайтдаги ҳолати ҳақида фикр билдираркан, мазкур ташриф икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун кенг имконият яратишини таъкидлади. Томонлар бу борадаги фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашиб, мамлакатимиз музейларида сақланаётган қўлёзмаларнинг каталогини тайёрлаш ва нашр этиш, ҳамкорликдаги тадқиқот натижаларини “Studia Iranica” журналида чоп қилиш ҳамда қўшма онлайн семинар маъруза ва маҳорат дарсларини ўтказишга келишиб олдилар.