Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида “Китоб – камолот калити” мавзусида ташкил этилган илмий-маърифий китоблар кўргазмасида жамоа томонидан нашр этилган адабиётлар билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда илк маротаба очиқ осмон остида ўтказилаётган кўргазмада юртимизда фаолият юритаётган кўп сонли нашриёт ва босмахоналар билан бирга марказнинг ҳам жами 16 номдаги 100 га яқин илмий ва диний-маърифий адабиётлари намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг диний-маърифий соҳа ташкилотлари ноширлик фаолиятига оид қисмида Марказ бўлим бошлиғи Т.Эвадуллаев Марказ нашрларининг тақдимотини ўтказди. Нотиқ сўзида юртимиздан чиққан буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий мероснинг ўсиб келаётган авлод тарбиясидаги муносиб ўрни нуқтаи-назаридан бу каби тадбирларнинг юксак аҳамиятини эътироф этди ва Марказ томонидан фаолиятнинг илмий-тадқиқот йўналишида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Рамазон ойи муносабати билан ўтказилаётган маърифий тадбирнинг биринчи кунида китоблар тақдимотларидан ташқари алломалар ҳаётига оид бадиий саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, таниқли инсонларнинг ёшлар билан суҳбатлари, хаттотлик санъати бўйича маҳорат дарслари ҳамда совринли танловлар ҳам ўтказилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси кўргазмадаги фаол иштирок учун ташкилотчилар томонидан ташаккурнома, китоблар тўплами билан тақдирланди.
Кўргазманинг бошқа фаол иштирокчилари, номинациялар ҳамда совринли танловлар ғолиблари ҳам ташкилотчиларнинг сертификат ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
Кўргазма доирасидаги тадбирлар икки кун давом этади.