Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳазрат Навоий рўза хусусида…

Ҳазрат Навоий рўза хусусида…

Ҳазрат Мир Алишер Навоий ислом арконларидан, диний билимлардан етарлича хабардор бўлганларини яхши биламиз. Ҳазратнинг «Сирожул-муслимин» номли асари айнан ислом рукнларига бағишланган.

Китобнинг битилиш сабабида келтирилишича, кунларнинг бирида бир самарқандлик ростгўй, билимдон зот Ҳазрат Навоийнинг ҳузурига келиб, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг илтимосини етказади. Хожа Аҳрор Ҳазрат Навоийдан ислом динидаги рукнлар, фарз, суннат ва вожиб амаллар хусусида содда, ҳаммага тушунарли тилда назмий рисола битишни илтимос қилган эканлар.

Навоийнинг ўзлари ҳам анча пайтдан бери худди шу мавзуда асар битишни режалаштирган экан. Шу боис тез кун асар ёзиб битказилади.
Биз қутлуғ Рамазон ойида ушбу асардан олинган, рўза ҳақидаги парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

Эрур тўртунчиси исломнинг савм,
Ки, ўтган кимсага тақво била явм.
Чу рўза фарз бўлди йилда бир ой,
Анинг ижросида бўл нафсфармой.
Ани бил субҳдин то шом чоғлиқ,
Таому шурбу шаҳватдин йироғлиқ

Тақво билан кун ўтказувчи кимса учун Исломнинг тўртинчи рукни рўзадир. Бир йилда бир ой рўза тутиш фарздир. Уни бажариш учун инсон ўз нафсини қўлга олиши керак бўлади. Шуни билки, тонг отганидан то шом киргунича, ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан узоқ бўлиш керак.

Эрур бу рўзада ният санга фарз,
Валекин неча авло айладим арз.
Навофилда вале ниятни қилмоқ,
Санга жоиздурур туштин бурунроқ.

Рўзадан аввал ният қилиш фарздир. Лекин имкон даражасида тушдан аввалроқ ният қилиш маъқул саналади.

Чибин ё пашшадек ҳар жинси ҳосил,
Эмас бўғзунгға кирса рўза ботил.

Агар чивин ёки пашшадек нарсалар томоққа кирса рўза бузилмайди.

Тузу сирка тоторға аҳли идрок,
Тегурса, тил учун, эрмас анга бок.

Ақли комил кишилар туз ёки сиркани тил учи билан татиб кўрсалар бунинг зиёни йўқ.

Яна улким, ҳижомат қилсаю қасд,
Ғам эрмас, рўзаға чун қилмамиш қасд.

Яна ҳижома қилдирса, яъни қон олдирса бу ҳам рўзага зиён етказмайди.

Гар ўтмак тифл учун чайнар аноси,
Раводур гар, яна йўқтур ғизоси.
Вале билмак керактур они макруҳ,
Керак макруҳдин хотирда андуҳ.

Шунингдек она ўз боласига нон чайнаб берса, ўзи ютиб юбормаса, бу ҳам рўзани синдирмайди. Лекин бу макруҳ саналади. Имкон қадар макруҳ амалларга йўл бермаган яхшироқдир.

Унутиб гар есанг, ичсанг, эмас ғам,
Эрур ул рўза боқий, эй мукаррам.
Билмасдан еб-ичиб қўйса, кейин рўзани давом эттириб кетаверса, бунда ҳам рўзага зарар етмайди.
Шунингдек ҳазрат Навоий рўзанинг кафоратига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар:

Ғизо еб рўза улким, қилса зойил,
Ва ё нафси бўлиб шаҳватға мойил.
Кафорат олтмиш мискинга итъом,
Эрур ё олтмиш кун савми ноком.

Агар қасдан кимдир таомланиб, шаҳватини қондириб, рўзани бузса, (бир кун учун) олтмиш нафар мискинни тўйдириши ёки олтмиш кун рўза тутиши керак бўлади.

Ким, ул кунларнинг ўлғай иттисоли,
Йўқ эрса солим эрмас рўза ҳоли.
Ва ё бир банданинг кўнглин қилиб шод,
Анга Тенгри йўлинда қилмоқ озод.

Шу тариқа рўза тутилмай қолган кунларнинг ўрнини тўлдириш мумкин. Акс ҳолда рўза мукаммал бўлмайди. Ё бўлмаса бир банданинг кўнглини шод қилиб, уни қулликдан қутқариш керак бўлади. Валлоҳу аълам!

Рустам ЖАББОРОВ,

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …