Ўтаётган ҳафта сўнгида АҚШ Тинчлик институти томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари учун “Тинчлик учун педагогика” дастури доирасида “Стратегик режалаштириш ва татбиқ этиш” мавзусида Бухоро шаҳрида ўтказилган 5 кунлик амалий тренинг машғулотлари ниҳоясига етди.
Машғулотлар якунида Марказ директори Шовосил Зиёдов сўзга чиқиб, тренерларга алоҳида миннатдорлик изҳор этди ва тренинг орқали ҳар бир ходимнинг келгусидаги фаолиятни янада такомиллаштириш ҳамда ишини тартибли ташкил этиш, мақсадни аниқ қўйиб, унга етиш режасини пухта ишлаб чиқишга оид кўникмалари янада мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлади. Нотиқ шунингдек, жамоа ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини қайд этиб, институт томонидан эзгулик йўлида амалга оширилаётган бу каби амалий тадбирларнинг марказ ходимлари салоҳиятини тобора юксалтиришдаги муҳим аҳамиятини эътироф этди.
Институтнинг лойиҳа раҳбари Бармак Пажвак якунига етган тренинг унинг барча иштирокчиларга бирдек манфаатли бўлганидан мамнунлигини билдириб, институт номидан онлайн тарздаги узвий мулоқотларга доим тайёрлигини маълум қилди. Пажвак шунингдек, жамоага машғулот ўтиш ташкилотчиларга завқ бағишлагани, тренинг кунлик ишида буюк муҳаддис Имом Бухорий руҳияти сезилиб турганини қайд этди. Шу билан бирга тренинг раҳбари машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишга барча имкониятларни яратиб берган мамлакатимиз ҳукуматига алоҳида миннатдорлик изҳор этиб, буни бевосита давлатимизда диний-маърифий соҳа тараққиётига қаратилаётган эътибор сифатида баҳолади.
Томонлар тренинг машғулотларини кейинги босқичларини ҳам изчил давом эттиришга келишиб олдилар. Унга кўра навбатдаги босқич машғулотлари жорий йилнинг куз ойларида ўтказилиши белгиланди.
Шундан сўнг, тренинг иштирокчиларининг барчасига ташкилотчилар томонидан тегишли сертификатлар топширилди.
Ўз навбатида тренерлар ҳамда лойиҳа раҳбариятига марказ жамоаси номидан эсталик совғалари ҳадя қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати