Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мамлакатимиз таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” тадбирларини ташкил этишда Имом Бухорий ва кўплаб улуғ алломаларимиз ҳаёти хамда бой илмий-маънавий меросига оид ижтимоий сўровномалар ўтказиш, халқчил ва оммабоп маълумотларни етказиш, бундан ташқари интернет тармоғи орқали аноним викторина тарзидаги тест саволларини мунтазам эълон қилиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марказда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳадис илми мактаби талабалари иштирокида “Сиз Имом Бухорийни биласизми?” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий учрашув хам пировардида шу мақсадга йуналтирилди.
Бухорий бобомизнинг маънан бой сийрати, илм йулида чеккан заҳмати ҳамда ислом ривожига қўшган беназир ҳиссаси улуғланган тадбирнинг асосий қисмида иштирокчиларнинг буюк муҳаддис олим ҳақидаги билимлари тест саволлари орқали синаб кўрилди.
Жами 50 та саволдан иборат тест натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 12 нафар талаба синовларнинг мураккаб саволлардан тузилган босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Тестнинг мазкур якуний босқичи жорий йилнинг апрель ойида ўтказилиши белгиланган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати