Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA), Кастамону университети, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Халқаро Амир Темур ҳайрия жамоат фонди ҳамкорлигида жорий йилнинг 8 – 10 ноябрь кунлари Туркиянинг Кастамону шаҳрида “Туркия-Ўзбекистон муносабатлари 1-чи халқаро симпозиуми” ташкил этилди.
Икки давлат мадҳиялари билан бошланган очилиш маросимида Ўзбекистон ва Туркия томонининг юқори мартабали меҳмонлари табрик ва анжуман ишига муваффақият тилаб мурожаат қилдилар. Сўзга чиққанлар азалдан дини, тили, маданияти, қадриятлари бир-бирига яқин бўлган Туркия ва Ўзбекистоннинг илмий-маданий, фан ва таълим йўналишидаги ривожланиб бораётган ҳамкорлиги ва бу ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида гапириб ўтдилар.
Туркия Буюк Миллий Кенгаши собиқ спикери Бюлент Аринч яқин кунларда Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида олган улкан таасуротлари билан ўртоқлашаркан, “ҳар бир туркиялик ота юрти бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюриши, Имом ал-Бухорий, Имом Мотрудий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизийлар зиёратига бориши шарт”, дея мурожаат этди.
Симпозиум очилишида Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги элчихонаси ташаббуси билан турк тилида нашр қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мардоновор ва бағрикенг халқимиз билан бирга қурамиз” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуманда “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши” мавзусида турк тилида маъруза ва тақдимот ўтказилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Кастамону Университети ректори ва ташкилотчилар билан иккитомонлама учрашувлари ўтказилиб, келгусида маданий-маърифий-илмий соҳаларни янада ривожлантириш юзасидан илмий нашрлар, тўпламлар, каталогларнинг доимий алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек 2-чи симпозиумни 2019 йилда Ўзбекистонда ташкил этиш таклифи илгари сурилиб, бу йўналишда ҳамкорликда ишлашга келишилди.
Халқаро Симпозиум ишида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиқлари А.Тураходжаев ва Д.Қурбанова иштирок этдилар.
Манба: cisc.uz