Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сали Шаҳсивари: “Ўзаро ҳамкорлик манфаат олиб келмоқда”

Сали Шаҳсивари: “Ўзаро ҳамкорлик манфаат олиб келмоқда”

Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази тадқиқотчилари – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукрулло Умаров ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи Барот Амонов Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов ҳамроҳлигида “Ал-Фурқон” ислом мероси фондида бўлишди.

Меҳмонларни фонд ижрочи директори Сали Шаҳсивари қарши олди. Ташриф аввалида ўзбекистонлик тадқиқотчилар фонд тарихи музейи фаолияти ва ундаги экспонатлар билан танишдилар.

Шундан сўнг, фонд раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид мулоқот ўтказилди. Унда томонлар ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилишиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишди.

“Ал-Фурқон” фонди ижрочи директори Сали Шаҳсивари Ўзбекистонда яқинда барпо этилган илмий-тадқиқот марказлари билан илмий ҳамкорлик фонд учун манфаат олиб келаётгани, айниқса ўзаро қўлёзмалар алмашинувига оид тўпланган ўзига хос тажриба тадқиқот фаолияти давомида ўзини оқлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонлик олимлар ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш аллома аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиб, жаҳон илмий ҳамжамиятига тақдим этишда ва асл ҳолатида келгуси авлодга етказишда муҳим ўрин тутишини, бунинг учун ҳали ишга солинмаган салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар.

Мулоқот чоғида қўлёзмаларни ҳамкорликда ўзаро алмашув асосида тадқиқ этиш ишларини жадаллаштириш, айниқса каталоглаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

Ташриф якунида томонлар ўзаро эсдалик совғаларини улашдилар. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази номидан “Ал-Фурқон” фондига “Қўлёзмалар каталоги” ва бошқа адабиётлар тўплами тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …