Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИКДАН БАРЧА БИРДЕК МАНФААТДОР

ҲАМКОРЛИКДАН БАРЧА БИРДЕК МАНФААТДОР

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Австралия Фатво кенгаши Бош котиби, доктор Шайх Салим Алвон ал-Ҳусайний ҳамда Калифорниядаги (АҚШ) Анахейн ислом маркази доктори Шайх Билол ал-Ҳаллоқ билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида директор Ш.Зиёдов меҳмонларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг мақсад ва вазифалари, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, хусусан, дунёдаги кўплаб илмий муассасалар билан йўлга қўйилган алоқалар, бу ерда тайёрланган нашрлар ҳақида маълумот берди.

Мулоқот чоғида Шайх Салим Алвон ал-Ҳусайний ислом илмларини ривожлантириш ва жаҳон бўйлаб кенг ёйишга беқиёс ҳисса қўшган алломалар юрти – Ўзбекистон заминида илк бор меҳмон бўлиб турганидан чуқур мамнуният изҳор этиб, юртимизда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан катта таассурот олганини, фаолияти давомида ислом оламининг икки буюк алломаси – Имом Бухорий ва Имом Мотуридий асарларини кўп бор мутолаа қилганини, улар юзасидан илмий изланишлар олиб бораётганини билдирди.

Шайх Билол ал-Ҳаллоқ буюк аждодларимиз ҳақида фикр юритар экан, бугунги кунда дин ниқоби остида ёшларни йўлдан оздираётган, турли хунрезликларни амалга ошираётган мутаассиб, ақидапараст оқимларнинг асоссиз даъволарини илмий асосланган раддия беришда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг асарлари ишончли далил бўлишини қайд этди.

Суҳбат давомида мутафаккирлар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида имкониятларни бирлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришдан барча томонлар бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

Меҳмонлар Марказ кутубхонаси ва ундаги китоб фонди билан танишди. Айниқса, ҳадис, фиқҳ, тафсир ва тарих соҳаларига оид асарлар меҳмонлар диққатини кўпроқ ўзига жалб этди. Марказнинг китоб жамғармасига Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад”, “Қироат халфал имом” ва “Тафсир увлин нуҳо” асарлари ҳадя қилинди.

Мазкур уч асарни Шайх Салим Алвон ал-Ҳусайний тайёрлаган бўлиб, олим биргина “Адабул муфрад”ни 35 та замонавий ва 12 та қўлёзма нусхасига қиёслаган ҳолда таҳқиқ қилишга 5 йилга яқин вақт сарфлаган. “Тафсири увлин нуҳо” эса ҳозирги нотўғри ақида тарафдорларига раддия сифатида ёзилган.

Меҳмонларга илмий ходимлар томонидан нашрга тайёрланган китоб ва рисолалар ҳадя қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …