Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ТАДҚИҚОТЧИСИ БУЮК БРИТАНИЯДА МАЛАКА ОШИРМОҚДА

МАРКАЗ ТАДҚИҚОТЧИСИ БУЮК БРИТАНИЯДА МАЛАКА ОШИРМОҚДА

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи Барот Амонов Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (OIC)да малака оширишни бошлади.

Кеча у Марказ директори Др.Фарҳан Аҳмад Низами ҳузурида бўлиб, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази кутубхонасига Марказ томонидан нашр этилган китоблар ва эсдалик совғаларини ҳадя қилди. Мулоқот чоғида китоб ва адабиётлар алмашинувини йўлга қўйиш ва қўлёзмаларни тадқиқ қилиш каби икки томонлама илмий-амалий ҳамкорликка оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

 Фарҳан Низами яқинда юртимизга қилган ташрифини ёдга олиб: «Ўзбекистонда бўлган вақтимда мамлакатингизда ташкил этилган илмий марказлар билан таниша туриб, фаолияти бевосита бу юртдан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган мазкур тадқиқот муассасалари буюк аждодларига муносиб ворислар етиштириб беришига ишонч ҳосил қилганман», деди. Доктор Ф.Низами шунингдек, Марказда мавжуд қулайликлар ҳақида ҳам гапириб, жорий этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро стипендиялар совриндорлигига потенциал номзод бўлган хорижлик тадқиқотчиларга тенг шароитлар яратилганини таъкидлади ҳамда ўзбекистонлик ёш олим илмий фаолиятига муваффақият тилади.

Оксфорд ислом тадқиқот маркази фондида сақланаётган 40 мингдан зиёд адабиёт орасида ўзбек тилидаги китоблар ҳам мавжуд. Бу эса Оксфордга ташриф буюрувчиларга ўзбек тилидаги адабиётлар, қомус ва китоб-альбомлар билан ҳам танишиш имконини беради.

Марказда айни пайтда турли давлатлардан келган 30 нафардан зиёд олим ислом тарихи ва ислом илмларига оид тадқиқотлар олиб бормоқда. Уларга Буюк Британиянинг машҳур кутубхоналари хизматидан фойдаланиш, қўлёзмалар фонди билан ишлаш ва музейлар билан танишиш имкони ҳам берилган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Б.Амонов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус эксперт комиссияси томонидан ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш юзасидан ўтказилган танловда ғолиб деб топилиб, унга хорижда малака ошириш имконияти тақдим этилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …