Ер юзида инсоният обод ва фаровонлиги учун самодан нозил қилинган илоҳий дин ислом, ҳақиқатан тинчлик ва эзгулик динидир. Бу диннинг икки буюк манбаси: Қурони карим ва муборак ҳадисларни ўқиб ўрганган, улар билан танишиб чиққан ҳар қандай киши исломнинг қандай дин эканини билиши аниқ.
Муқаддас китоб Қуръони каримда “Батаҳқиқ, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[1], бошқа оятда эса “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман” [2] дейилган.
Азизу мукаррамлик мақомида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси ўлароқ яратилган инсониятга, шу мақомга муносиб бўлишга, яхши ва эзгу ишларни адо этиб яшашга буюрган. Эзгуликнинг акси бўлган барча ёмонликдан қайтарган.
“Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир. Ризқ этилган мевалардан ҳар гал танаввул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди. Яна улар учун жаннатда покиза хотинлар бордир ва улар у ерда абадий қолувчилардир” [3].
“Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқ зотдир”.[4]
Юқоридаги ояти карималарга ўхшаш инсоният учун, жамият ободлиги учун солиҳ амаллар, эзгу ишларда бардавом бўлишимизга амр қилинган. Шунингдек, оқибати ёмон ишлардан сақланишимиз керак бўлган оятлардан яна кўплаб келтириш мумкин.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам сизу биз умматларини эзгуликка, яхши ишларни амалга оширишга ҳамда феълан, хулқан яхши инсон бўлишга тарғиб қилиб ўтганлар.
Шу дин қадриятларини ўз миллати қадриятларига тенглаган халқимиз, бугунги кунда четдан кириб келаётган ўзгача маданиятни, тўғрироғи ахлоқсизликларга тўлган маданиятсизликни таъсирини кўришга мажбур бўлмоқда. Динимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик, меҳмондўстлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади. Ёшларимиз ҳаётига кириб тус олаётган “оммавий маданият” ҳам маънавий таҳдидлардан биридир.
Замонавийлик, тезкор тараққиёт билан ҳамқадам бўлиш ёшларимизнинг ҳаёт тарзига айланиб бормоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Чунки бир неча тилда бемалол сўзлаша олиш, илмда дунё ёшлари билан тенглаша олишлари, дунёқараши кенгаяётганидан дарак беради. Аммо, турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар тобора авж олаётгани ҳам сир эмас. Кичик, зарарсиз бўлиб кўринган хабар ҳам одамларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳаётини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди.
Инсоният ҳаёти давомида турли мафкуралар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: “Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой берадилар. Бу – тансиҳатлик ва бўш вақтдир” (Бухорий ривояти), деганлар. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукурлик қилиб футур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Ислом жаҳонга жуда улкан маданиятни мерос қилган. Ислом дини тарихи, таълимоти, маънавияти, фалсафасини эркин ўрганиш ва таҳлил қилиш учун кенг имкониятлар яратилди, ҳозирги кун сайин ортиб бормоқда. Зеро, динимиз, маънавиятимиз илдизлари бир ва аниқ бўлишига қарамай, муқаддас динимизга хос бўлган таълимотини ўз фойдасини кўзлаб талқин қилувчи гуруҳлар кўпайиб бормоқда. Булар тўғрисида гапирадиган бўлсак, мавзу жуда чўзилиб кетади.
Ислом динининг оммавий маданиятга бўлган фикри, албатта ислом бутун дунёда халқларнинг аҳл бўлиб кун кечиришлари, бир само остида тинчлик, барқарорликда яшашини, қолаверса бир ота-онанинг фарзандларидек бўлишини хоҳлайди.
Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Шу боис “оммавий маданият” таҳдидига қарши туриш долзарб ишлардан бирига айланмоқда. Бугун турли йўллар билан, ҳар хил “эзгу” ниқоблар остида “оммавий маданият” мамлакатимизга ҳам таҳдид солаётгани сир эмас. Айниқса, жангари филмлар, ёшларни соатлаб ўтиришга “мажбур” қилаётган компьютер ўйинлари, ахлоқсизликка бой сериаллар, интернет оламида аёл ва эркакларга лаззатланиш тўғрисидаги маслаҳатлар, гўзал қилиб яратилган танага турли хил расмларни солиш ва шу кабилар, динимиз, шунингдек, халқимиз маънавиятига терс бўлган бузуқлик кўчаси сари чорлайди.
Буларнинг барчаси шайтоннинг найрангидир. Бундан қутилиш учун ҳар бир киши ўзида куч топа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайдир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир”[5]. Яна: “Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар”, деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир«[6]. Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: “Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан”, деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан – сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан – умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди. Қуръон бундай ярамас ишларни шайтонга бўйсуниш, деб уқтиради. Одамларнинг бегона йўлларга кириб қолишига ўзлари сабабчи экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: “…Агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир”[7].
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бошқа қавмга ўхшатган киши, уларнинг қавмидандир”, — деганлар”(Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз бу ҳадислари билан исломга зид бўлган қавмларнинг одатларини ўзида мужассам қилиш ниҳоятда катта гуноҳлигини, қолаверса, ўзини ўхшатган қавмдан бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидлаб, огоҳ бўлишга чақирганлар.
Келинг, халқимизга нотаниш, динимизда гуноҳ ҳисобланган иллатли маданиятсизликдан воз кечайлик. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда барпо этилаётган ҳуқуқий ва демократик жамият қуриш йўли бугун ўзини тўла оқламоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳар бир ҳалқнинг анъана ва қадриятларига эҳтиром кўрсатиш жамиятимизнинг энг муҳим тамойиллари этиб белгиланган. Бунга муносиб бўлиш ва ҳар биримиз бунда фаол иштирок этишимиз фуқаролик бурчимиздир. Буюк аждодларимиз қолдирган бой маданий ва маънавий меросни, мардлик ва жасоратни аллақандай “оммавий маданият”га алмаштиришга эса ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.