Бағрикенглик ўзгаларнинг хулқ-атвори, турмуш тарзи, фикр-мулоҳазалари, гап-сўзлари, ҳис-туйғулари, эътиқоди, ҳаракатларига нисбатан сабр-тоқатли, чидамли бўлишни англатади. Луғатларда бағрикенглик «толерантлик» (лот.: “тоlегапtio” – матонат-чидам, сабр-тоқат) тушунчасининг синоними сифатида ишлатилади. Бағрикенглик – ўзгаларга нисбатан меҳр-мурувватли, ғамхўр, сахий, кенг феълли бўлган маънавий фазилатларга эга кишиларни ифодаловчи тушунчадир.
Россияда чоп қилинган социологик луғатда толерантликка қуйидагича таъриф берилади:
а) Ёт одамнинг турмуш тарзи, хулқи, урф-одати, ҳиссиёти, фикри, ғояси, эътиқодига чидамлилик билан ёндашув;
б) ноқулай омилларни сезмай қолиш натижасида содир бўлган ҳодисаларга вазминлик билан ёндашув;
в) ноқулай, номақбул ҳиссий омиллар таъсирига хам чидам билан ёндашув [1: 278].
Марк Наттурно толерантликни ўзга ҳаёт тарзи, нуқтаи назар, ғоя ва эътиқодларга тоқатлилик бағрикенгликдир деб, ўз фикрини бундай давом эттирган: “Менинг фикримча, биз эркин ва онгли мавжудот бўлганимиз сабабли айбни атрофдагиларга ағдаришдек бидъатлардан холи бўлишимиз керак. Алалхусус, бу толерантликка алоқадор бўлиб, ушбу толерантликни узоқ муддат эркинликка тўсиқ бўлиб келган диний, этник ва ирқий хурофотларни енгиб ўтиш йўлидаги уринишларимиз сифатида тавсифлаш мумкин”.
Марк Наттурно фикрларидан аёнки, “Толерантлик – бу ёқмайдиган, ҳатто ёвуз деб ҳисобланувчи нарсаларга тоқат билан муносабатда бўлишдир”. Муносабатнинг бундай турини маърифатпарвар файласуфлар бўлмиш Вольтер ва Жон Локк диний таъбирларга қарши чора сифатида талқин этган ва бу ХVIII асрдан бошлаб ахлоқий идеал сифатида қадрланган [2: 40].
Бағрикенглик – бу киши етуклиги, инсонийлиги даражасини белгиловчи мезонларнинг энг муҳимидир. Азал-азалдан халқимиз ёрдамга муҳтож кишиларга мурувват кўрсатган, ногиронларни қўллаб-қувватлаган, етим-есирлар бошини меҳр ила силаган, бағрига босган. Бағрикенглик – тасаввуфий ҳаётнинг ўзи. Тасаввуфнинг олдига қўйган мақсади эса муҳаббат, яъни Аллоҳга муҳаббатдир. Зеро, «Яратганни севиш яратилганларини севиш биландир».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларни бағрикенг бўлишга чақирганлар. Саҳобаларга барча жабҳада бағрикенг бўлиш кераклигини уқтириб, “Сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақ талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деганлар [3:128].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафслари учун ҳеч қачон ғазаб қилмаганлар, бировдан ўч олмаганлар. Шу сабабли буюкларнинг буюги даражасида мақтовга сазовор бўлганлар. Бундай гўзал сифатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари амал қилган йўлда собит қолган, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлган валийлар, авлиёларда кузатилган.
Бағрикенг кишилар тимсоли сифатида ҳозирги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалган нақшбандия тариқати асосчиси, Бухоройи Шарифда яшаб ўтган ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ва шу тариқатни давом эттирган тасаввуф намояндаларини келтириш мумкин [4:3]. Нақшбанднинг илм ўрганиши, саховатпешалиги, омма билан яхши муносабатда бўлиши, ҳар бир ишга Аллоҳга таваккул қилиши бағрикенглик сифатларидир.
Нақшбандия таълимотининг буюк намояндалардан бири – “Силсилаи шариф” (“олтин занжир”)да 32-ҳалқанинг пири муршиди Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий мана шундай фазилатларга эга инсон бўлган [5: 28].
Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий ҳижрий 1228 (милодий 1813) йилда Рум диёри – ҳозирги Туркиядаги Кумушхона шаҳрининг “Амирлар” маҳалласида дунёга келган. Аждодлари Бухорои Шарифдан бўлган. Отаси солиҳ инсон бўлиб, тижорат билан шуғулланган. Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий беш ёшида ўқишни бошлаб, саккиз ёшида Қуръони каримни ёдлаган, “Далоили хайрот”, “Қасидаи Бурда” ва “Ҳизбул Аъзам” каби китобларни қироат қилишга устозлардан рухсат олган [6: 302].
Олийҳиммат, серғайрат, иродали, қатъий хулқ соҳиби бўлмоқ илм талаб қилишда зарур бўлган шартлар ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, бу гўзал сифатлар Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийда болалигидан намоён бўлган.
Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий ўн ёшида бўлганда, отаси билан бирга Қора денгиз атрофидаги шаҳарлардан бири Трабзонга ҳижрат қилади. У ердаги пешқадам олимлардан олат (балоғат), сарфу наҳв, маъоний (адабиёт, бадиият) ва мантиқ билимларини ҳамда шариат илмларини ўргана бошлайди. Ёш бўлишига қарамай, дўконда отасига ёрдам бериб, бўш вақт топди дегунча илоҳий ишқ ва шавқ билан илм таҳсилига саъй ва ғайрат қилар, мақсади кўпроқ илм олишда эди.
Ёшлигида ҳалол пул топишга ҳаракат қилиб, ўз қўллари билан ҳамён тўқиб сотган ва топганини илм йўлида сарфлаган. 18 ёшларида амакиси билан Истанбулга бориб, отаси учун керакли тижорат молларини олиб, амакисига топширади ва бундай деди: “Амакижон, мен шу лаҳзада илм ва маърифат шаҳри бўлган Истанбулда турганимдан улуғ бир саодат ва бахтиёрлик оғушидаман. Мен учун илм ва маърифатни қўлга киритиш ҳамма нарсадан устун туради. Зинҳор мендан ранжиб, хафа бўлманг. Вақтида, келажакда керак бўлади деб, ўз қўлим билан ҳамёнлар тўқиб, уларни сотиб, бир қанча пул йиққан эдим. Ўзимда ҳеч нарса қолдирмасдан, буларни ҳам сизга топшириб, отамга жўнатаман” [6: 302].
Ибодат билан ҳалол касб қилиш Қуръони каримнинг бир неча жойида зикр қилинган. “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (Жумъа сураси, 10-оят) [7: 143].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо” (Имом Аҳмад ривояти) [8].
Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг бағрикенг инсон бўлганини ифодаловчи далиллардан бири шуки, у Пайғамбаримизнинг юқорида келтирилган ҳадисларига амал қилиб, ўз қўли билан тўқиган ҳамёнларни сотиб, топган пулидан бир тийин ҳам сақламай отасига юборган.
Кумушхонавий мукаммал илми сабабли илм талабида бўлганларга исломий дарс берувчи вазифасига тайинланган. Шариат илмларини мукаммал ўрганиб, тасаввуф ва тариқат соҳасида шайх Аҳмад Зиёуддин Арводийдан дарс олиб камол топган. Шайх Кумушхонавийга пири муршидлари 240 та асарни ўқитиш ва ўргатиш вазифасини топширган. Кумушхонавий энг буюк саховат билим-зиё тарқатиш эканини қалбан англаб, толиби илмларга холислик билан илм ўргатган. Ислом аҳли ҳозирги кунда ҳам унинг мана бу асарларидан фойдаланиб келаётгани фикримизнинг яққол далилидир [9: 175]:
- “Жомиул усул фил авлиё ва анвоиҳим”. Асар номи четига: “Ас-суфийяту ва фавоиди соир” деб қайд этилган. Ҳозир турк тилига таржима қилиниб, нашр этилган.
- “Жомиул мутун фи ҳаққи анвоис сифатил илоҳиййа вал ақоидил Мотуридиййа ва алфозил куфри ва тасдиқил аъмолил ажибиййа”. (“Аллоҳ таолонинг анвойи исм сифатлари. Мотуридия эътиқоди, куфр сўзлар баёни ва амалларнинг дуруст бажарилмоғи ҳақида матнлар тўплами”). Турли нашрлари мавжуд. Ўзбекистонда 2000 йили “Мовароуннаҳр” нашриётида Мирзо Кенжабек таржимаси асосида чоп этилган.
- “Ромузул аҳодис ала тартиби хуруфил ҳижо” (“Ҳадислар денгизи”). Турли нашрлари мавжуд. Ўзбекистонда 2007 йилда “Мовароуннаҳр” нашриётида Баҳриддин Умрзоқ таржимаси асосида нашр қилинган.
- “Мажмуатул аҳзоб” (“Катта дуо ва зикрлар”). Ўзбекистонда 2014 йили “Шарқ” нашриётида бир гуруҳ таржимонлар томонидан Кумушхонавийнинг 2000 саҳифалик китобларидан саралаб олинган энг зарурий дуолар китоби чоп этилган.
- “Ҳадиси арбаин” (“Қирқ ҳадис”). Сулаймония кутубхонасида қўлёзма нусхаси сақланади.
- “Ғароибул аҳодис”. Турли нусхалари бор.
- “Нажотул ғофилин”. Бир нечта нашри мавжуд.
Беназир аллома ва устоз бўлгани сабабли Кумушхонавий муридларининг сони миллиондан ошган. Бу ҳам ундаги бағрикенглик қирраларидан бирини кўрсатади.
Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг бағрикенглик сифатларидан бири сифатида унинг илм олувчилар, китобхонлар сонини кўпайтириш, халқ маънавиятини юксалтириш мақсадида босмахона қурдириб, илмий китобларни илм толибларига бепул тарқатганини келтириш мумкин [10: 9].
Мутасаввиф олим нафақат илм ва одоб-ахлоқ бобида, балки халқни иқтисодий қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳам анча хизматлар кўрсатган. Бунга далил ўлароқ бу табаррук зотнинг фоизсиз банк ташкил қилиб, муҳтож бўлганларга ҳожатини қоплайдиган миқдорда қарз бердириб, қулай шартлар асосида, имконияти бўлганда қайтариши учун шароитлар яратиб берганини келтириш жоиз [11: 305].
Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг бағрикенг инсон бўлганини кўрсатувчи далиллар сифатида қуйидагиларни санаб ўтамиз:
- Ҳалол меҳнат билан топган даромадини холис эҳсон қилиши.
- Илмни мукаммал илм ўрганиб, толиби илмларга холис ўргатиши.
- Босмахона қурдириб, илмий китоблар нашр этиб, илм толибларига бепул тарқатиши.
- Фоизсиз банк қурдириб, халқни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши.
- Илмий меҳнатининг кўлами. У шу даражада кенг бўлганки, бошқа инсоннинг умри етмаган бўлур эди, дейдилар.
Тасаввуф Шарқ фикрий тараққиётидаги кўп асрлик тажрибани қамраб олиб, уни ривожлантирди, дин ва фалсафа, ҳикмат ва ваҳдат, калом ва ҳадис илмларини бирлаштирди, илоҳий илмлар билан дунёвий илмларни ўзаро боғлашга ҳаракат қилди. Натижада тасаввуф Шарқ кишисининг тафаккур тарзи ва ахлоқ нормасини белгилайдиган ҳодисага айланди.
Таъкидлаш жоизки, юртимиз мустақилликка эришгач, умуминсоний аҳамиятга молик миллий қадриятларимиз теран илдизларигача етиб бора бошладик. Халқимизнинг азалий одатларига амал қилиб, хайр-эҳсон қилиш, саховат кўрсатиш, бағрикенгликни намоён қилиш, турар жойларни обод қилиш, йўллар, кўприклар қуришга эътибор кучайтирилмоқда. Давлатимиз ишбилармонлар сафини кенгайтириш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Зеро, улар қанча кўпайса, юртимиз шунча обод бўлади. Бағрикенг инсон қалбини қуёшга ўхшатадилар. Унинг тафтидан меҳрга ташналар баҳра олади, булутли кунлар ёришади, ишонч, иймон, эътиқод мустаҳкамланади, ҳаёт жозибаси ортади. Шундай кишилар туфайли эзгулик бор, яхшилик бор.
Хулоса қилиб айтганда, Кумушхонавийнинг ижтимоий-фалсафий, тасаввуфий қарашларининг узвий таркибий қисми ва шу билан бирга, уларнинг юксак натижаси бўлмиш бағрикенг инсон ғояси моҳиятан шахсни ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган. Ёшларимизни бағрикенглик руҳида тарбиялашда Аҳмад Зиёвуддин Кумушхонавийнинг ҳаёти ибрат мактаби бўлиши табиий.
-
Российская социологическая энциклопедия. – М.: Наука, 1998.
-
М. С. ХажиеваР. Б. Хожиев Толерантлик ва унинг хусусиятлари The culture of tolerance in the context of globalization: methodology of research, reality and prospect. Materials of the international scientific conferenceon May 13–14, 2014 39 -40 бет Prague 2014.
-
Г.Н. Наврўзова Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси. –Т.: Фан, 2005.
-
Абдулазиз Усмон Расулуллоҳ бир кунлари. –Т.: Ҳилол, 2019.
-
Гуламова М.Т. Мушку анбар ҳидли валоят ғунчаси – Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий. Журнал. Имом Бухорий сабоқлари – №2.
-
Зиёвуддин Аҳмад Кумушхонавий, таржимон Мирзо Кенжабек, Жомеъ ул-мутун. –Т.: Мовароуннаҳр; 2000й.
-
Қуръони карим. Тафсири ҳилол. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. –Т.: Шарқ, 6 том. 2008.
-
http://muslim.uz/index.php/maqolalar/zhuma-mav-izalari/item/17748-29-11-2019-j-alol-kasb-baraka-kaliti].
-
Гуламова М.Т. Аҳмад Зиёвуддин Кумушхонавий ҳаёти ва маънавий мероси //“Buxoro islom madaniyatini modernizatsiyalash va turizmni barqaror rivojlantirish istiqbollari” Xalqaro ilmiy-amaliy anjuman, Buxoro, 2020 yil 24-fevral, 173-175 b. (Ahmad Ziyouddin Kumushkhonaviʼs Life and Spiritual Heritage).
-
Гуламова М.Т. “Силсилаи шарифдаги пири комил – Зиёвуддин Аҳмад Кумушхонавий” “Жаҳон маданий цивилизацияси контекстида хожагон, нақшбандия тасаввуфий таълимотлари илмий-маънавий меросининг умумбашарий аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари. 2-китоб, Навоий: 2019.
-
Зиёвуддин Аҳмад Кумушхонавий, таржимон Мирзо Кенжабек, Жомеъ ул-мутун. –Т.: Мовароуннаҳр, 2000.