“Барқарор жамият” деганда, одатда, иқтисодий ўсиш, сиёсий тизимнинг мустаҳкамлиги ёки хавфсизлик масалалари тилга олинади. Бироқ тарихий тажриба ва ижтимоий таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу омиллар ўз-ўзидан барқарорликни таъминламайди. Иқтисодий ресурслар етарли бўлган, аммо маънавий меъёрлар заифлашган жамиятларда инқироз, норозилик ва ички зиддиятлар юзага келган ҳолатлар кам эмас.
Шу нуқтаи назардан қараганда, барқарорлик фақат ташқи тизимлар билан эмас, жамият аъзоларининг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи маънавий устунлар билан таъминланади. Бу устунлар инсон хулқ-атворини ички назорат орқали бошқаради, ижтимоий муҳитда эса умумий меъёрларни шакллантиради. Ана шундай асосий маънавий таянчлар орасида ҳалоллик ва адолат алоҳида ўрин тутади. Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақида сўз кетар экан, унинг маънавий архитектурасида айнан шу икки қадриятнинг ўрнини қайтақайта таҳлил қилиш зарур.
Ҳалоллик, аввало, инсоннинг ички назорати, яъни виждони билан боғлиқ ҳолатдир. У ташқи мажбурият билан эмас, ички масъулият билан амал қилади. Ҳалол инсон суиистеъмолга мойил бўлмайди, омонатга хиёнат қилмайди, ҳақидан ортиғини ўзиники деб билмайди. Бу хусусиятлар якка шахс доирасида қолиб кетмайди: улар оила муҳитига, касбий муносабатларга ва охир-оқибат, жамиятнинг умумий ахлоқий иқлимига ижобий таъсир қилади. Ҳалоллик ижтимоий муҳит орқали шаклланадиган фазилатдир. У қўллаб-қувватланган, рағбатлантирилган жойда кучаяди, бефарқлик ҳукм сурган муҳитда эса сўниб боради.
Аждодларимиз ҳалолликни фақат молиявий муносабатлар билан чекламаган. Илмда холислик, сўзда ростгўйлик, ниятда поклик, хизматда масъулият алоҳида қадрланган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларда ҳам ҳалол ризқ ва омонатдорлик ижтимоий барқарорликни таъминловчи энг муҳим фазилатлар сифатида таъкидланади.
Ҳалоллик шахснинг ички дунёсига дахлдор бўлса, адолат жамият ҳаётини тартибга солувчи умумий меъёр вазифасини бажаради. Адолат устувор бўлган жойда қонунийлик мустаҳкамланади, фуқаролик ҳамжиҳатлиги шаклланади, қонунга муносабат мажбурият эмас, эҳтиёжга айланади. Тарихда инқирозга учраган давлатларнинг аксариятида иқтисодий ресурслардан кўра адолат мезонларининг заифлашиши ҳал қилувчи омил бўлган.
Адолатни фақат суд ёки жазо механизми сифатида тушуниш унинг мазмунини чеклайди. Аслида, у имкониятларда нисбий тенглик, меҳнат натижасини холис баҳолаш, инсон қадрига ҳурмат ва ижтимоий мувозанатни сақлаш каби кенг тушунчаларни ўз ичига олади. Алишер Навоий ҳам ўз ижодида адолатли бошқарувни давлат барқарорлиги ва халқ фаровонлиги учун асосий шарт сифатида қабул қилади. Адолатсизлик эса ижтимоий зиддият ва муҳим ресурсларнинг заифлашишига олиб боришини таъкидлайди.
Замонавий ижтимоий фанларда ҳам ҳалоллик ва масъулият жамият барқарорлигининг муҳим омили сифатида қаралади. Ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўзаро ишонч муҳити шаклланган, муомалада шаффофлик устувор бўлган жамиятларда иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам, ижтимоий ҳамжиҳатлик даражаси ҳам юқори бўлади. Чунки бундай жамиятларда одамлар ўз энергиясини ҳимояга эмас, ҳамкорлик ва ривожга сарфлайди.
Шу маънода, ҳалоллик ахлоқий фазилат билан чекланмайдиган ижтимоий ресурсдир. У вақтни тежайди, келишмовчиликларга ўрин қолдирмайди, ўзаро ҳамкорликни осонлаштиради. Адолат эса ушбу ресурсни тўғри тақсимлайдиган, унинг самарали ишлашини таъминлайдиган механизм вазифасини бажаради. Бири ички маънавий соғломликни, иккинчиси эса ташқи мувозанатни таъминлайди.
Глобаллашув даврида манфаатпарастлик, тез келадиган фойда ортидан қувиш, маънавий бўшлиқ каби омиллар айнан шу қадриятлар учун жиддий синов бўлиб турибди. Шу сабабли, барқарорликни таъминлаш фақат иқтисодий ислоҳотлар ёки ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмаслиги лозим. Масалага маънавиймаърифий ёндашув, айниқса, ёш авлод онгида ҳалоллик ва адолатни ҳаётий меъёр сифатида шакллантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳалоллик ва адолат ҳеч қачон эскирмайдиган ижтимоий заруратдир. Бу икки тушунча кимгадир юкланадиган шиор ёки фақат давлат зиммасидаги вазифа эмас. Улар ҳар бир инсоннинг кундалик қарорларида, касбий фаолиятида ва ижтимоий муносабатларида намоён бўладиган шахсий масъулиятдир. Жамият барқарорлиги юқоридан эмас, инсоннинг ўз виждонидан бошланади. Ҳар ким ўз бурчини ҳалол адо этса, адолатни фақат талаб қилмай, ўзи ҳам унга риоя этса, жамиятдаги кўплаб муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.
Шу маънода, барқарор жамият қуриш йўли узоқдан эмас – ҳар биримизнинг виждонимиздан, ҳалол ниятимиздан ва адолатли амалимиздан бошланади. Ана шу йўлни танласак, жамиятимиз фозил, келажагимиз порлоқ бўлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





