Жонажон ватанимиз тинчлиги, осойишталиги ва фарзандларимизнинг ўсиб-улғайиб, комил инсон бўлиб вояга етишишларида, шубҳасиз, юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилаётган ва тинчлик-осойишталикни таъминлаётган Ватан ҳимоячиларининг ўрни беқиёсдир.
Азалдан юртимизда ватан ҳимояси муқаддас бурч саналган. Юрт посбонларининг ташвиш ва бедорликлари халқ орасида доим улуғланган. Бу миллий ва диний қадриятларимизда ҳам ўз ифодасини топган.
Шу кунларда республикамиз бўйлаб Қуролли Кучларимизнинг ташкил қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда марказ илмий ходимлари, тадқиқотчилар, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ватанпарварлик, юртга фидойилик фазилатларини шакллантиришда буюк аждодларимизнинг матонати ҳаётий ибрат эканини эътироф этишиб, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби жаҳонни мангу ҳайратга солган аждодларимизнинг ҳаёти ва тарихий қаҳрамонликлари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Тадбирда мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини юксалтириш борасида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, маънавий-маърифий масалаларга қаратилаётган юксак эътибор ва унинг аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Тадбир кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда ўтди.