Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари

Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ҳадис илми мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда профессор ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва марказ илмий ходимлари иштирок этди. Сўзга чиққанлар томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, дунё миқёсида мураккаб жараёнлар кечаётган бир пайтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли алоҳида қайд этилди. Таъкидланганидек, эришилган ютуқлар чуқур таҳлил қилиниб, кейинги йилларда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини юқори даражада таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга юксак эътибор қаратилмоқда. Айниқса, халқимиз маънавиятини оширишда аждодларимиз қолдирган бой маданий меросни чуқур ўрганиб жамиятга кенг татбиқ этишдаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш давлатимизнинг ёрқин келажагини таъминлайди.

Йиғилганлар томонидан шунингдек, Тараққиёт стратегиясининг “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини ва уни 2022–2032 йилларда амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқиш йуналишида амалга оширилиши лозим бўлган амалий тадбирлар юзасидан республикамиз олий ўқув муссасалари ва илмий-тадқиқот марказларида сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг ягона базасини яратиш, музей, кутубхона ва бошқа муассасаларнинг архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларни таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларини халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш каби қатор таклифлар билдирилди. Зеро буюк боболаримизнинг бой маданий меросини нафақат ўрганиш, балки кейинги авлодга ҳам асл ҳолида етказиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир.

“Инсон қадри учун” тамойилига асосланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамаси юқори савияда, конструктив руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …