Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирни Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни Конституция қабул қилинганининг 29 йиллиги билан қизғин муборакбод этди.
Тадбир давомида Марказ илмий котиби Бахтиёр Турсунов мавзу юзасидан маъруза қилиб, Конституция тушунчаси ва унинг моҳияти, дунё давлатлари тарихида ўрнатилган конституциявий тартиблар, конституциямизнинг Бош қонун сифатидаги аҳамияти ва унинг айрим моддалари хусусида маълумот берди.
Уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилиги тажрибаси, шунингдек халқаро инсон ҳуқуқлари мезонлари акс этган асосий қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани белгилаб қўйилган.
Сўзга чиққанлар республикамизнинг барча фуқаролари томонидан Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланиб келинаётгани, чунки Конституция халқчил тамойиллар ва минг йиллар давомида шаклланган миллий маънавиятимиз асосларига таянишини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир юқори кайфият ва байрам руҳида ўтди.