Жорий йил 6 декабрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Россия Федерацияси Фанлар академияси Шарқшунослик институти ҳузуридаги Ўрта Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйини ўрганиш маркази раҳбари Владимир Бобровников ташриф буюрди.
Меҳмонни директор Шовосил Зиёдов кутиб олиб, Марказ музейи ва ундаги экспонатлар билан таништирди.
Ташриф доирасида Марказ ва Ўрта Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйини ўрганиш маркази ҳамкорлигида “Россияда исломшунослик ва арабшунослик” мавзуида онлайн тарзда очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда В.Бобровниковнинг шу номдаги маърузаси тингланди.
Нотиқ Россия ҳудудида ислом динининг ёйилиш тарихи, арабшуносликка оид ўзига хос мактабнинг шаклланиш босқичлари, мамлакат кутубхоналарида сақланаётган ислом илмларига доир адабиёт ва қўлёзмалар ҳамда соҳага тегишли даврий матбуот нашрлари хусусида батафсил маълумот берди.
Маърузачи, шунингдек, ислом маданияти ва цивилизацияси тараққиётининг догматик, сиёсий ва этник маданий манбалари ҳамда тарихий сабабларини атрофлича таҳлил қилиб, исломнинг кўплаб йўналишлари ва талқинларининг мавжудлиги диннинг чуқур моҳиятидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.
Мулоқотда бугунги кунда Россияда ислом динига муносабат ва бошқа дин вакилларига бўлгани каби исломга эътиқод қилувчилар учун ҳам яратилган шароитлар ҳамда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самаралари эътироф этилди.
Тадбир қизғин мунозаралар ва савол-жавобларга бой бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати