Қуръони каримнинг юзга яқин ояти каримасида мўмин-мусулмонларни сабр қилишга чақиради. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шояд нажот топсангиз.”![1]
Бу дунёда кишига етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الْخَيْرَ عَجَّلَ لَهُ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا وَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الشَّرَّ أَمْسَكَ عَنْهُ بِذَنْبِهِ حَتَّى يُوَافِيَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»
“Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида уқубат (жазо) беради. Ёмонликни раво кўрса, тўлиқ жазосини бериш учун гуноҳининг ҳукмини қиёматга қолдиради”. [2]
Агар биз сабр ва шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда этишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматлар давомийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилиб, бундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”. [3]
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У айтади: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрлисидир. Мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади”. [4]
Инсон сабр ва шукр қилса, ризқи яна зиёда бўлиши тўғрисида Али розияллоҳу анҳу бундай деган:
«إِنَّ النِّعْمَةَ مَوْصُولَةٌ بِالشُّكْرِ، وَالشُّكْرُ مُتَعَلِّقٌ بِالْمَزِيدِ، وَلَنْ يَنْقَطِعَ الْمَزِيدُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ حَتَّى يَنْقَطِعَ الشُّكْرُ مِنَ الْعَبْدِ»
“Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади”.[5]
Юрт равнақи ва икки дунё саодатига эришиш учун ҳамиша ибодатларда собит ва мустаҳкам бўлиб, ҳалол-покиза ва тақводорлик билан ҳаёт кечириш, ҳамма нарсага масъулият билан ёндашиш айни муддао бўлади. Зеро, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ
“Қаерда бўлсанг ҳам тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг, албатта, унинг кетидан бирор савобли иш ҳам қилгинки, гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин”.[6]
Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратиб, унга беҳисоб неъматларни ато этгани ҳақида бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.[7]
Барча инсонларнинг бахтли ва фаровон яшашига ва улардаги мушкулотларни бартараф этишга кўмаклашиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг азиз ва мукаррам зот сифатидаги инсоний бурчидир. Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”.[8]
Инсон манфаатлари ва бахт-саодати йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг олий фазилати ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Раҳмдилларга Улуғ ва Муборак Раҳмон раҳм қилади, ер юзидаги инсонларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот – Аллоҳ сизларга раҳм–шафқат қилур”.[9]
Раҳм ва сабр айниқса ота-оналар учун жуда аҳамиятлидир. Ота-она ҳеч қачон унутмасинки, унга берилган фарзанд доим болаликда қолмайди. Шунинг учун фурсатни ғанимат билиб, бугуннинг боласи эртанинг улуғ инсони бўлиши йўлида ҳаракат қилмоқ керак.
Дарҳақиқат ислом динида фарзанд тарбиясига сабр-тоқат, молу давлат ва вақт талаб қиладиган узлуксиз жараён, жуда масъулиятли вазифа ва узоқ вақт давом этувчи ибодат деб қаралади. Мана шу воситалар орқали унинг руҳи камол топиб, ақли ва жисму тани қувватли бўлади.
Бола тарбияси ота-она ва жамиятдан соғлом фикр, соғлом эътиқод, илм-маърифат ва амал ҳамда намунани талаб этади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарбияда ота-онанинг аҳамияти ва масъулиятини таъкидлаб, бундай деганлар: “Ҳар бир чақалоқ ислом фитратида туғилади, токи тили чиққунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради ёки мажусий қилиб қўяди”.[10]
Ушбу ҳадисдан ислом фитратида қалби покиза бўлиб дунёга келган фарзанд ота-она сабабли турли нотўғри йўлларга кириб кетиши мумкинлиги англашилади. Демак, ёшлардаги ёмон ахлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало ота-она ва қолаверса бутун жамият масъулдир. Аллоҳ таоло ота-оналарга бундай хитоб қилади: “Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар”.[11]
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ота-она фарзандининг нафақат келажаги, балки охирати учун ҳам энг масъул шахслар ҳисобланади. Шу боис зурриётининг икки дунёсини обод этиш учун ғоятда сабрли бўлиш билан бирга ўта сергак, бош маърифатпарвар, тўғри йўлга бошловчи асосий пешво бўлиши керак. Ана шунда “Сабр таги – олтин” нақлининг ҳам моддий, ҳам маънавий инъикоси намоён бўлади.