Ўзбекистон халқаро ислом академиясида диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг иккинчи сонли мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Академия Ахборот хизмати.
Мажлисда Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедраларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларига бириктириш, олий диний таълим муассасаларида кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар, олий ва ўрта-махсус ислом таълим муассасаларида фанларни ўқитишда замонавий педагогик усулларни татбиқ этиш, Имом Мотуридий халқаро марказининг 2021 йилги фаолияти сарҳисоби каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Мажлис давомида диний таълим соҳасини анъанавий услубларни сақлаган ҳолда замонавий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, республикада Олий таълим тизимида амалга оширилаётган инновацияларни диний таълимга татбиқ этиш масалалари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.