Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент фармацевтика институти профессор-ўқитувчилари, Марказ илмий ходимлари ҳамда Ҳадис илми олий мактаби талабалари иштирок этди.
Тадбирни Марказ директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиев очиб, ушбу қутлуғ айём билан барча йиғилганларни қизғин табриклади.
Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори Р.Шодиев ва Тошкент фармацевтика институти доценти Д.Амриддинова ушбу сана тўғрисида маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юксак қадри, Ватанимиз ҳурлиги, халқимиз озодлиги, бугунги эркин ва бахтли ҳаётимиз, порлоқ истиқболимиз рамзи сифатидаги аҳамияти тўғрисида сўзлади.
Ота-боболаримиз азалдан давлат рамзларини муқаддас тимсол сифатида кўз қорачиғидай асраб келган. Халққа куч бахш этган туғ баҳодирларга, мард ўғлонларга ишониб топширилган. Муқаддас байроқ ҳамиша одамларни жипслаштирган, эргаштирган, бирлаштирган.
Бугун миллий байроғимиз қабул қилинганига 30 йил тўлди. Ундаги ҳар бир белги ва ранг заминимизда қадимдан мавжуд тарихий анъаналарни, миллий-маданий қадриятларни ўзида ифода этади.
Тадбирда сўз олганлар, жумладан Марказ директорининг Бош маслаҳачиси профессор Б.Тўраев ва Ҳадис илми олий мактаби 3-босқич талабаси А.Узоқов миллий байроғимизнинг муқаддас ва эъзозли, саодатли ҳаётимиз асоси эканини, унинг тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида бўлсак ҳам Ўзбекистон деган муқаддас Ватанимиз, ҳимоячимиз, суянчимиз борлигини ҳис қилишимиз, шу боис давлат рамзларини асраб-авайлаш, уларни ҳурмат қилиш ўзлигимизга, юртга бўлган садоқатимизни ифода этиши ҳақида тўлқинланиб гапирди.
Марказ илмий ходими Б.Маҳмудов ўзининг “Муқаддасдир бизга Ватан байроғи” деб номланган шеърий номасини ўқиб эшиттирди.
Тадбир якунида меҳмонларга Марказ номидан ташаккурномалар ва Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўпламлари тақдим этилди.