Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг “ал-Фиқҳул Акбар” асарини калом  илмида тутган ўрни

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг “ал-Фиқҳул Акбар” асарини калом  илмида тутган ўрни

Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутийдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80-санада Абдулмалик ибн Марвон халифалиги даврида Куфа шаҳрида туғилган.  

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзига ҳамда зурриёдига барака тилаб, у кишининг дуоларини олган эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” ҳадисини ривоят қилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша вақтнинг катта шаҳри бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуд ҳузурида Қуръони каримни ёд олдилар. У киши дастлаб ақоид илмини ўргандилар. Калом илмида донг таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганлар: “Мен каломда тортишиш қобилияти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим ва тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил, ундан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларнинг Абозия ва Суфрия деган тоифалари ва бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда каломни илмларнинг афзали деб билар эдим. Бу калом диннинг аслидир дер эдим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим ва тадаббур қилдим”.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

“Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади:

“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганини эшитдим: “Каломга назар солар эдим. Ҳатто, бунда менг бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Кунлардан бир кун бир аёл келиб:

“Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлди. Неча талоқ қилади?” деди.

Ҳаммоддан сўрашга ва қайтиб келиб менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўради. Бас, у: “Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ қўяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча тек қўяди. Қачон ғусл қилса, бошқа эркаклар учун ҳалол бўлади”, деди. Аёл қайтиб кетди.

Мен, каломга ҳожатим йўқ, дедим-да, кавушимни олиб Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Мен унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишар эди. Бас, у: “Ҳалқанинг бошида, менинг рўпарамда Абу Ҳанифадан бошқа ўтирмасин!”-деди”[1].

     Шайх Мухаммад Хузарийбек «Тарихут-ташриъил-исломий» китобида ёзишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ илмини ўзлаштириш мақсадида ўша даврнинг йирик олими бўлмиш Ҳаммод ибн Сулаймонни танлаб олиб, унинг дарс ҳалқасига ўтирди[2].

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар. Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшда эдилар. Устозининг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

      Кўпчилик уламолар  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.

     Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар.

     Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150-санада вафот этган ва Бағдод шаҳрининг “Аскар Маҳдий” номли мавзеида Хайзурон номли қабристоннинг шарқий томонида дафн этилган.

     Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин ва мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз”, деган экан. 

     Имом Шофиъий: “Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир”, деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар. Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.
    Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фаолиятларини зеҳн солиб ўрганадиган бўлсак, кейин ҳам ақидага оид масалалар у кишининг эътиборларидан четда қолмаганини мулоҳаза қиламиз.

   Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақида илмига оид илмий меросларини ўрганишимиз икки хил йўл билан бўлади.

   Биринчиси: у кишининг бу илмга оид гапларини келтирган турли ривоятлар.

   Иккинчиси: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбат бериладиган ақоид илмига оид китоблар.

   Илмий доираларда, жумладан Ибн Надимнинг машҳур «ал-Феҳрист»ида ақидага оид тўртта китобни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга мансуб китоб дейилади:

  1. «ал-Фиқҳул Акбар».
  2. «ал-Олим вал Мутааллим».
  3. «Рисолатун ила Усмон ибн Муслим ал-Буттий».
  4. «Китобур-радди алал Қадария».

    Ушбу тўрт китоб ичида қадимдан кўпчиликнинг эътиборига сабаб бўлгани ва бизгача етиб келгани «ал-Фиқҳул Акбар»дир. Бу китоб кичик рисоладан иборат бўлиб бир неча варақни эгаллайди, холос. «ал-Фиқҳул Акбар»ни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бир неча киши, жумладан, Имом Аъзамнинг ўз ўғиллари Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоятни Мулло Али Қори шарҳ қилган.

    Шунингдек, «ал-Фиқҳул Акбар»ни Абу Мутийъ Балхий ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоятни “ал-Фиқҳул Абсат” деб номлаган ва Абуллайс Самарқандий ва Ато ибн Али Жузжонийлар шарҳ қилганлар.

 Мазкур ривоят ва шарҳлардан бошқалари ҳам бўлиб, уларнинг ичида Абу Мансур Мотуридийга мансуб шарҳ ҳам бор[3].

    Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни «ал-Фиқҳул Акбар» деб номлаганлар. Бу китоб чоп қилинган, ҳанафийлар ва бошқалар томонидан ўрганилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров  Абдувоси

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. Тошкент: 2011.  Б. 172.

[2] Жўзжоний А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий  мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: ТИУ, 2002. Б. 99.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. Тошкент: 2011.  Б. 190.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …