Home / ЯНГИЛИКЛАР / «МАНБАЛАР ХАЗИНАСИДАН – ИЗЛАНИШЛАР НАТИЖАСИГА» ЛОЙИҲАСИ АСОСИДА

«МАНБАЛАР ХАЗИНАСИДАН – ИЗЛАНИШЛАР НАТИЖАСИГА» ЛОЙИҲАСИ АСОСИДА

Қўлёзмалар ўтмишни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади ва жаҳон маданиятида алоҳида ўрин тутади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нодир нашрлар фондида сақланувчи XIII-XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзмалар бетакрор маълумотлар манбаи сифатида илмий изланувчилар учун муҳим аҳамият касб этади.

Қуйида шундай қўлёзмалар асосида илмий изланишлар олиб бораётган тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шовосил Зиёдов фикр-мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, шарқшунос, манбашунос, исломшунос, тарихчи олим Шовосил Зиёдов.

– Миллий кутубхона фондида сақланаётган Кашф ул-вужух ил-ғурри ли маъани назм ид-дурр (Назм дурдоналари маъноларининг кашф қилиниши) қўлёзма Хожа Муҳаммад Порсонинг шахсий кутубхонасига оид. Қўлёзма XIII асрда кўчирилган. Жилд фолиантининг 19 жойида Хожа Мухаммад Порсонинг муҳри босилган. Муқова чармдан ишланган. (Pv-189/1)

Ўрта Осиё кутубхона маданияти тарихини ўрганишда «Муҳаммад Порсо кутубхонаси»га бўлган эътибор сўнгги йилларда ортиб бормоқда, кутубхона соҳибининг илмий қизиқишлари борасидаги муҳим маълумотларни ўрганиш имконини бермоқда. Мазкур кутубхонада сақланган қўлёзмаларнинг умумий аломатларидан бири унга босилган ромб шаклидаги муҳрлар бўлиб (бир қўлёзмага бир неча бор ёки бир қўлёзманинг ҳар бир варағида), уларда «вақф аз китоб Хожа Муҳаммад Порсо» ёки «вақф ин Хожа Порсо ибн Маҳмуд ал-Бухорий» каби жумлалар XVIII аср охири ва XIX аср ўрталари оралиғидаги турли саналар битилган. Иккинчи аломати уларнинг биринчи варағида битилган араб тилидаги қайдлардир. 1994-йилда профессор А.Б.Холидов «Шарқ қўлёзмалари фиҳристи» материалларига асосланган ҳолда мақола ёзиб, эълон қилди. Бу мақолада «Порсо кутубхонаси» даги 57 та қўлёзмани бир рўйхатда жамлади.

Қўлёзмалардан 34 таси Ўз ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида сақланади. Биз А.Б. Холидовнинг эътиборига тушмаган яна 74 та қўлёзмани аниқлаб, ушбу рўйхатни тўлдирдик.

Мазкур кутубхонага тегишли 3 қўлёзма, унинг таркибига кирган 7 та асар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, ноёб ва алоҳида қийматга эга нашрлар хизмати фондида сақланади.

Шунингдек Порсо кутубхонасига тегишли барча фондларда сақланаётган қўлёзмаларни тавсиф қилиб каталог тузиш ишларини А.Мўминов, А.Ҳабибуллаевлар билан биргаликда олиб бормоқдамиз. Бу каталог ёрдамида Марказий Осиё кутубхоначилик тарихи, китобат тарихи ва илк нақшбандия тариқати тарихи бўйича маълумотлар олиш мумкин бўлади.

Манба: natlib.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …