Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимларидан иборат делегация аъзолари Туркия сафарининг ниҳоясида Ислом тадқиқотлари маркази (ИСАМ ташкилоти)га ташриф буюрди. Ушбу нуфузли ташкилотда делегация аъзолари мудир ўринбосари Тунжай Башуглу билан мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида Мотуридийлик таълимотига оид энциклопедиянинг сўзликлари бўйича маълумотлар алмашиш, “Ислом цивилизациясига ҳисса қўшган 100 мусулмон олими” йиллик журналини нашр этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, энциклопедия тузиш стратегияси, услублари, мақола ёзиш, ишни тўғри ташкил этиш каби йўналишлардаги тренингларни онлайн тарзда ташкил этишга келишиб олинди.
Ташкилотга Марказлар томонидан нашр этилган китоблар тақдим қилинди.
ИСАМ ташкилоти дастлаб 40 жилдлик Ислом энциклопедиясини яратиш мақсадида тузилган бўлиб, ҳозирда йирик илмий-тадқиқот муассасасига айланган. Ташкилотда энциклопедияни тузишда ҳар бир соҳа учун алоҳида фойдаланиладиган адабиётлар бурчаги ташкил этилган. Ташкилот томонидан ихчамлаштирилган ва содда шаклдаги 8 жилдлик китоб ҳам нашр қилинган.
Ушбу билан делегация аъзоларининг Туркияга амалий ташрифи ўз ниҳоясига етди.