Республикамиз вилоятларида буюк аллома Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилинган 30-жузи тақдимоти тадбирлари давом этмоқда.
Навбатдаги тақдимот Хоразм вилоятида бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокимлиги вакиллари “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари, ЎМИ нинг Хоразм вилоятидаги вакили ва фаол имом хатиблар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари М.Умурзаков, вилоят бош имом-хатиби Х.Абдуллаев ҳамда “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта-махсус ислом билим юрти мудири Д.Абдуқодировлар сўзга чиқишиб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алломаларимиз ҳаёти ва бой илмий меросини изчил ўрганиш ва кенгроқ тарғиб қилишга замин ҳозирлаётганини, пировардида ислом илмига оид дурдона асарларни таржима қилиб халқимизга тақдим этиш имкониятлари яратилаётганини алоҳида қайд этдилар.
Тақдимотда асосий маърузачилар томонидан асарни ўзбек тилига таржима қилишнинг асосий босқичлари ва эътиборга молик жиҳатлари, таржимада инобатга олинган манбалар ҳамда асарнинг юксак тарихий ва маънавий-маърифий қиймати хусусида маълумотлар берилди.
Йиғилганлар мазкур йирик илмий натижа бугунги глобаллашув жараёнида долзарб аҳамият касб этиши, диннинг софлигини сақлаш ва асл моҳиятини англашда халқимиз, айниқса ёшларимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирдилар.