Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилиниши Мисрдаги йирик вақтли матбуот нашрларидан бири эътиборини тортди.
Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетининг “Ал-Азҳар овози” газетаси 2021 йил 3 ноябрда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиевнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари бўйича яна бир муҳим тадқиқот” номли мақоласини эълон қилди.
“Ал-Азҳар овози” газетаси ислом оламининг нуфузли нашрларидан бири бўлиб, унга Миср Араб Республикаси бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, доктор Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳомийлик қилади.
Мисрнинг собиқ бош имоми, марҳум Муҳаммад Саййид Тантовий томонидан асос солинган газета 1999 йилнинг октябрь ойидан буён нашр этиб келинмоқда.