Айни кунларда Туркия сафарида бўлиб турган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Истанбулдаги İLAM илмий-тадқиқот маркази кутубхонаси ва Азиз Маҳмуд Худойи Вақфига ташриф буюриб, Вақфнинг халқаро алоқалар бўйича мутасадди вакили Абдураҳмон Тўпбош билан учрашди.
Маҳмуд Худойи Вақфи XVI асрда Туркияда яшаб ўтган етук диний уламо, маънавият тарғиботчиси Азиз Маҳмуд Худойи номи билан нодавлат ташкилот сифатида 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда йирик хайрия лойиҳалари билан бир қаторда ислом илмлари соҳасида таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг моддий ва маънавий таъминоти ҳам амалга оширилади.
Икки томонлама самимий суҳбат давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш имкониятлари муҳокама қилиниб, истиқболда илм ва таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш йўналишида биргаликда амалга ошириладиган ишлар кўлами белгилаб олинди.
Суҳбат якунида томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар. Марказ томонидан нашр этилган китоблар İLAM кутубхонасига тақдим этилди.