Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университетида Ўзбекистон боғи барпо этилмоқда

Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университетида Ўзбекистон боғи барпо этилмоқда

Туркия сафари давомида Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимларидан иборат делегация вакиллари Анқара Йилдирим Боязид университетига ташриф буюрдилар. Ташриф доирасида делегация вакиллари университет ректори профессор Ибраҳим Айдинли билан учрашдилар. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Анқара Йилдирим Боязид университети ҳудудида қурилаётган янги дарвозадан кираверишда буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси, хусусан, ўзбек халқига ҳурмат ўлароқ, юртимиз шарафига Ўзбекистон номли катта боғ барпо этилмоқда.

Ушбу университетга ташриф доирасида Ўзбекистон боғининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Делегация вакиллари ушбу боғда эзгу ниятлар ила кўчатлар ўтказдилар. Ўзбекистон боғининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги элчихонаси вакиллари, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимларидан иборат делегация ҳамда Анқара Йилдирим Боязид университети мутасадди ходимлари ва бошқа бир қатор нуфузли меҳмонлар иштирок этдилар.

Шунингдек, Анқара Йилдирим Боязид университетига ташриф давомида университетнинг ислом илмлари факультетида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Шу билан бирга, ислом илмлари факультетида икки Марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Тақдимотда Анқара Йилдирим Боязид университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари ҳам иштирок этдилар.

Маълумот ўрнида: Анқара Йилдирим Боязид университети Туркиянинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб, пойтахт Анақара шаҳрида жойлашган.

Университетга 2011 йил 3 октябрда асос солинган.

Ҳозирда университет таркибида 15 та факультет, 1 та олий мактаб, 1 та давлат консерваторияси, 3 та касб мактаби, 5 та институт ва 24 та илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатмоқда.

1500 нафарга яқин ўқитувчи ва илмий ходимлар меҳнат қиладиган университетда жами 25 минг талаба таҳсил олиб, улардан 10 фоизини (2,5 минг нафар) хорижлик талабалар ташкил этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …