Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тақдимот тадбирлари вилоятларга кўчмоқда

Тақдимот тадбирлари вилоятларга кўчмоқда

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлган кўплаб эзгу ишлар истиқлолнинг нақадар буюк неъмат эканини чуқур англашимизда муҳим омил бўлаётгани билан аҳамиятли. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан ўзбек тилидаги “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг дастлабки 30-жузи дунё юзини кўргани ҳам минг-минглаб юртдошларимизда бугунги кунларга шукроналик ҳиссини оширади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида Бухоро вилояти ҳокимлиги, Мир Араб Олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти, Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакиллиги билан ҳамкорликда Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр эттирилган 30-жузи тақдимоти ўтказилди.

Марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли уламолар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этган тадбир аввалида Қуръон тиловат қилинди.

Тақдимотни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов очиб берди. Нотиқ сўзида йиғилганларга Марказ томонидан амалга оширилаётган нашр ва таржима ишлари  хусусида қисқача маълумот берди.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э.Мажидов ҳамда Бухоро вилояти Бош имом хатиби Ж.Элов ўз нутқларида давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламда олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси, шу жумладан, уларнинг ислом илми ривожига қўшган бебаҳо асарларининг илмий-маънавий қийматини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган ушбу тақдимот тадбирлари иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам халқимиз учун манфаатли бўлиб, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.

Маросимнинг асосий маърузачилари буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни  кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан фақиҳ ва калом илми алломаларининг ислом ҳуқуқшунослиги, тафсир ва ақида илми борасида тўплаган илмий-амалий тажрибаси юртимизда Қуръон ва фиқҳ илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этдилар.

Дарҳақиқат, бу борада қатор шарафли номлар билан эъзозланган Имом Мотуридий илмий мероси алоҳида эътиборга молик. Унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридийлик таълимоти асосидир.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан юксак илмий қийматга эга мазкур асарни таржима қилиш жараёнида Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилиб, Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилди.

Тақдимот савол-жавоблар ва қизғин мунозараларга бой бўлди.

Яқин кунларда бу каби тақдимот тадбирларини республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …