Жорий йилнинг 15 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Иғдир университети ҳамкорлигида “Имом Мотуридийнинг мўътазилия мактабига раддиялари” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Туркиянинг Иғдир университетининг илоҳиёт факультети ўқитувчиси, доцент Юлдузбек Мусаханов семинар мавзуси юзасидан маъруза қилди.
Семинарда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, юртимиз ва хориждаги илмий доиралар вакиллари, диний йўналишдаги таълим муассасалари олимлари ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.
Маърузачи нутқи аввалида Имом Мотуридий шахсига оид қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди ва мавзунинг аҳамиятли жиҳатларини ёритиб берди.
Таъкидланганидек, Абу Мансур Мотуридий асарларида динлар ўртасида бағрикенглик, ҳурмат ва умуман ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласига ҳаётий зарурат сифатида ёндошилган. Аллома қарашларида илгари сурилган чуқур илмий ва назарий мулоҳазалар асосидаги қоида ва мезонлар маърифий исломни тушуниш ва ўрганишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Маърузада Мотуридий томонидан мўътазилия мактаби каби ботил оқимларга қарши мантиқий ва илмий далиллар асосида раддиялар берилишининг юксак тарихий қиймати ҳақида сўз борди. Унга кўра, диний-эътиқодий ихтилофлар мураккаблашиб, ёт мутаассиб оқимлар фаолияти кучайиб борган бир шароитда, соф ақида ва калом илмлари хулосаларига таянган мотуридия таълимотининг вужудга келиши жамиятни бағрикенглик ва мўътадиллик ғоялари асосида бирлаштиришга ва ёт ғояларни халқ орасидан сиқиб чиқаришга замин яратди.
Маърузачи нутқи давомида Мотуридия таълимотининг мўътазилийлар қарашларидан устунлик жиҳатларини алломанинг мазкур мактаб вакилларига берган илмий асосланган раддиялари орқали батафсил кўрсатиб берди.
Семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлиб, унинг якунида иштирокчиларнинг барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарилди.