Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон Стратегияси» номли китоби чоп этилди. Унда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни қуриш бўйича қилинаётган ишлар ва миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездида президент Шавкат Мирзиёевнинг янги китоби тақдим этилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.
Китоб муқаддима, 7 бўлим ва хотимадан иборат.
Бўлимлар қуйидагича номланган:
- «Янги Ўзбекистон стратегияси»
- «Халқпарвар давлат»
- «Миллий иқтисодиётни ривожлантириш»
- «Адолатли ижтимоий сиёсат»
- «Маънавий тараққиёт»
- «Хавфсизлик ва ташқи сиёсат»
- «Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар».
Китоб сўзбошида айтилишича, ушбу китобда Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.
«Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирга даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавйи асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир», — сўзлари билан китоб бошланади.
Президент матбуот котибининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳам «Янги Ўзбекистон стратегияси» деб номланади.