Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилоят бўлими билан ҳамкорликда меҳнат фахрийлари, марказ ходимлари ва Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги 81-сон ўрта умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида Истиқлолнинг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон – янги ренесанс сари” мавзусида маънавий—маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Фарҳод Назаров ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари ўринбосари Зухра Эшонқуловалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда айниқса сўнгги йилларда барча соҳаларда олиб борилаёган ислоҳотлар моҳияти ва самаралари, эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталдилар. Нотиқлар шунингдек, Энг улуғ неъмат – Мустақиллик ёшлар зиммасига аъло ўқиш ва ҳар жабҳада ташаббускор бўлиш масъулиятини юклаши, бунинг учун уларга барча имкониятлар яратилаётганига алоҳида урғу бердилар.
Шундан сўнг, тадбирнинг ёш иштирокчилари – 81-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Моҳидил Абдураззакова раҳбарлигида ижод маҳоратини ошираётган бир неча ўқувчи ёшлар томонидан Ватан ва Истиқлолни мадҳ этувчи шеърлар ижро этилди.
Тадбирнинг фаол иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан бадиий адабиётлар тўплами тортиқ қилинди.
Тадбир ниҳоясида унинг барча ёшдаги қатнашчилари Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази кутубхонаси ва музей фаолияти билан яқиндан танишдилар.