Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАРИХДАН СЎЗЛОВЧИ ҚАЙРОҚ ТОШЛАР МИСРЛИК УЛАМО ДИҚҚАТИНИ ТОРТДИ

ТАРИХДАН СЎЗЛОВЧИ ҚАЙРОҚ ТОШЛАР МИСРЛИК УЛАМО ДИҚҚАТИНИ ТОРТДИ

Ҳафталик халқаро семинарлар доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси А.Даманҳурий марказ илмий ходимлари ҳамроҳлигида Самарқандда жойлашган Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилди. Олим Самарқандни бориб кўриш шарт бўлган дунёдаги 50 та шаҳардан бири сифатида бежиз эътироф этилмаганини, бу эса кўҳна кентда яшаб ўтган алломалар ҳаёти, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бугунги кун авлодлари учун юксак шараф эканини таъкидлади.

Зиёрат давомида олимга Имом Мотуридий мақбарасининг бунёд этилиш тарихи ва яқин йилларда мазкур ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақада ўтган йирик дин намояндалари мероси, моддий ва маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида маълумот берилди. Мақбарада бир неча асрлардан буён асраб келинаётган, ҳар бирида бир нафар уламо ҳаёти ҳақида қисқача биографик маълумотлар туширилган қайроқ тошлар Даманҳурий диққатини тортди. Аҳмад Саъд марҳум тўғрисидаги маълумотлар қолдириш учун тилсимон шаклдаги тошлар танланганининг сабабига оид қизиқарли фаразни баён этди. Тахминларга кўра, юрт олиму уламолари кейинги авлод вакилларига ўзлари ҳақидаги баъзи маълумотларни сўзловчи “тил” қолдирган.

Аҳмад Саъд ўз илмий фаолиятини бевосита Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишлаганидан ғоят мамнун эканлиги ва умрбод бор илми ва ғайратини мотуридийлик таълимотини тадқиқ ва тарғиб этишга сарф қилишини фахр билан тилга олди.

Илмий семинарлар ҳафталиги давомида Аҳмад Саъд Даманҳурий шунингдек, мотуридийлик таълимоти давомчиси, буюк мутакаллим олим Абу Муин Насафий туғилиб ўсган юрт қадимий Насаф шаҳрига ҳам бориши ва Насафий алломалар мақбараларини зиёрат қилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …