Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳадис илми мактаби муборак бўлсин!

Ҳадис илми мактаби муборак бўлсин!

Ноябрь ойининг илк кунларида оммавий ахборот воситаларида юртимизда яна бир олий таълим муассасаси ташкил этилгани ҳақида хушхабарлар эълон қилинди.
Барчамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини катта хурсандчилик ва шукроналик билан қарши олдик.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда юртимизда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида дарслар умумий йўналишда олиб борилади ва айнан ҳадис илмига хосланган таълим йўналишидаги илм даргоҳи сув ва ҳаводек зарур эди. Чунки, буюк муҳаддислар яшаб ўтган заминимизда ҳадис илми бўйича билимдон, боболар йўлини муносиб тарзда давом эттирадиган мутахассисларга бўлган эҳтиёж ҳар қадамда сезилиб келаётганди.
Юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги ислоҳотлар гултожларидан бири бўлган ушбу таълим даргоҳи айни эҳтиёжни қондирувчи, яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби муҳаддислар, ҳадис илми билимдонларини етиштириб чиқарувчи катта замин ва кенг имконият бўлмоқда.
Қарор матнлари бизга шуни маълум қиладики, мактаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида олий таълим берувчи нодавлат таълим муассасасидир. Битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги диплом бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади.
Халқимиз учун Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, муҳаддис боболаримиз меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Имом Бухорий бобомиз давридаги каби ҳадисшунослик мактабини шакллантирилади ва ривожлантирилади.
Қарор матнларида келтирилган шу ва бошқа бандлар билан танишган киши Ҳадис мактабининг аҳамияти, моҳияти ва долзарблигига, юртимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк бир неъмат эканлигига амин бўлиши муқаррардир.
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бобомиз мангу қўним топган муқаддас мажмуа ёнгинасида ташкил этилган Ҳадис илми мактаби ватандошларимизга муборак бўлсин деймиз.

Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …