Мамлакатимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда.
Миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқукий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Жумладан, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъи назар, биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, юртимиз равнақи учун фаолият юритиб келмокда.
Куни кеча Президентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Натижада юртимизда виждон эркинлигига доир ҳуқуқий асослар янада такомиллашди.
Тарихдан маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият барқарор бўлиб, инсонлар тинч-осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик мустаҳкам эмас. Шу боис, инсоният Ер юзида ҳаёт кечиришни бошлаганидан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга эҳтиёж сезади.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан хилма-хил дин- ларга эътиқод қилувчи халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жуғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар ривожлангани ерли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўплаб кўришимиз мумкин. Жумладан, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини таркибида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарлар ҳам хизмат қилгани ёки Сохибқироннинг бош фарзанди Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ҳамда Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримиз тасдиғидир.
Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг ав- лодларини ҳурмат билан ёдга олади. Сабаби, бобурийлар давлатни адолат ҳамда диний бағрикенглик асосида бошқарган эди.
Муқаддас ислом динимизда ҳам “бағрикенглик” тушунчаси диний истилоҳда “мурувват” деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир.
Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, ислом ўзидан аввалги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустахқамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ғайридинларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!”
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ўзингизга душман қилиб қўйманг”, деб огоҳлантиргандилар.
Куръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва (унинг) авлодларига нозил килинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз”, дея марҳамат қилинади.
Шу суранинг охирги оятида эса: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” деб амр қилинган. Куръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар Забур, Таврот, Инжилни тан олишга, аҳли китобларни, яъни бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, хамкорликка чорлаб, фитна, нифоқ ва низо- ларнинг хар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.
Муқаддас динимиз тарихидан ҳам бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Жумладан, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат этганларидан сўнг, у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Шунингдек, Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришни сўради. Пайғамбар алайҳиссалом уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Зеро, бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал аҳлоқларидандир. Шунинг учун яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган са- ҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди. Бу воқеалар исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир.
Имом Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳудрад Асламийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У киши ахли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўрадилар. “У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб қолган”, дейилди. Умар розияллоҳу анҳу унинг зиммасидаги жизяни бекор қилдилар. Кейин: “Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!” деб, Байту-л-молдан ўн дирҳам нафақа жорий қилдилар. Унинг оиласи бор эди”.
Куръони карим бизларга таълим берган яна бир муҳим ҳақиқат, бу, бошқа дин вакиллари, яъни насронийлар ва яҳудийлар ибодат қиладиган жойларга чу- қур эҳтиром ҳамда ҳурмат билан муносабатда бўлмоқлиқдир. Куръоннинг хабарига кўра, аҳли китоблар ибодат қиладиган жойлар, яъни монастирлар (роҳиблар узлатга чекинадиган ибодатхона), бутхона (насронийлар ибодатхонаси) ва синагогалар (яҳудийлар ибодатхонаси) Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир. “Ҳаж” сурасида: “Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига (динига) ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва қудратлидир”, дейилган.
Ушбу оят ҳар бир мусулмонга аҳли китоблар ибодат қиладиган жойларни чу- қур ҳурмат ва ҳимоя қилиш муҳимлигини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган.
Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков хамда синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида хам диний асосда ҳеч қандай можаро келиб чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Шу боис ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р. Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтдаёқ етарли шарт-шароит яратиб берилганини таъкидлаб, “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, деб ёзади.
Ўзбек халқининг бағрикенглиги, турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қараши миллат ҳамда элат вакиллари томонидан чуқур самимият билан эътироф этилмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзимизнинг яққол далилидир.
Демак, жамиятнинг ривожланиши, тинчлик хамда осойишталик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиши, қариндошчилик ҳамда қўшничилик ҳақларига риоя этиши, ўзга дин вакилларига бағрикенглигига чамбарчас боғлиқ. Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ҳамда тинчлигининг гаровидир.