Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, вужудлари сабабли биз иймон нури билан шарафланган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!!!
Саноқли кунлардан сўнг, бутун дунё мусулмонлари “Робиъул аввал” ойини қарши оладилар. Бу ойда ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт ва сийратларини баён қилувчи Мавлуди шарифлар ўқилиб, у зотга салавот ва саломлар айтишади. Хайр-эҳсон, тиловати Қуръон ва хатмлар қилиниб савобидан умид қилинади.
Динимизда мавлуд кунини нишонлаш ихтиёрий, аммо савобли амаллардан эканлиги ўтмиш ва ҳозирги уламоларимиз томонидан эътироф этилган. Халқимиз, ҳатто, Шўролар ҳукумати даврида ҳам мавлуд маросимини нишонлаган.
Мавлуд арабчадан олинган бўлиб, “туғилиш”, “туғилиш вақти ва туғилиш макони”, “мавлуд” туғилган деган маънони англатади.
Машҳур олимлардан Ибни Жавзий, мавлудни нишонлаш йил давомида баракотга сабаб бўлишини айтса, Имом Суютий, Мавлудда фаришталар тўпланиши ва Аллоҳнинг фазли ва баракоти нозил бўлишини таъкидлаган.
Биз ҳам мавлуд баҳона арабий, форсий ва туркий тилларда битилган “Мавлуднома” лар ўқиймиз. У зоти олийнинг насаби, туғилиши ва ҳаёт тарихидан хабардор бўламиз, сифатларини мақтаймиз. Бизга шундай марҳаматли ва шафқатли пайғамбар юборган Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.
Мавлуд нишонлаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам, саҳоблар ва тобеинлар замонида ҳам бўлмаган. У илк бор пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 300 йилдан кейин нишонланган. Имом Суютийнинг маълумотлари бўйича, биринчи бўлиб Мавлуд маросимини ташкил қилган одам Ироқдаги Ирбил шаҳрининг подшоҳи Малик Музаффар бўлган. У бу маросимни имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан ўтказган. Унинг ҳузуридаги Мавлудга уламо ва сўфийлар ҳозир бўлар эди. Сўнгра Абул Хаттоб ибн Диҳя подшоҳ Малик Музаффарга Мавлудун набий ҳақида бир китоб тасниф қилди ва ўша китобни «Танвир фи Мавлуди башийрин-назир» (Хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи Муҳаммад алайҳис саломнинг туғилиши ҳақида нурнома) деб номлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Аҳзоб» сураси 56-оятида шундай марҳамат қилади:
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг«, деб мўминларни ҳам у зотни эъзозлашга буюради. Аллоҳнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишининг маъноси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз раҳматини юбириши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг пайғамбар алайҳис саломга салавот айтишлари У зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз умирда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари ҳар зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак, деганлар.
Амалда эса, охиргиси – ҳар номлари зикр қилинганида салавот айтиш урф бўлган.
Юқоридаги «Аҳзоб» сурасининг 56-ояти нозил бўлгандан кейин саҳобалардан бири пайғамбаримизнинг олдиларига келиб: Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло сизга салавот айтишимизни буюрди, салавот қандай айтилади?», деб сўради. Аллоҳдан хабар бўлгач: «Аллоҳумма соли ала Муҳаммадин ва ала али Муҳаммад. Кама соллайта ала Иброҳима ва ала али Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид», деб ўргатдилар.
Шунингдек, салавотнинг турли хиллари мавжуд. Масалан: «Соллаллоҳу алайҳи васаллам» ёки «Алайҳис солату вас салам» ёхуд «Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала Муҳаммад. Ва ала зуррийятиҳи ва аҳли байтиҳи. Кама соллайта ала Иброҳима ва ала али Иброҳим. Иннак ҳамийдум мажид«.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади».
Демак, кимки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилса, у банданинг ўзи ўн марта эҳтиромга сазовор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар:
«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир».
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга салавот айтилмаса, бу мусулмонларнинг пушаймонликка йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмоқлик, биринчидан, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, иккинчидан, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик ҳосил қилиб, у зотнинг марҳамат-у шафоатларига сабаб бўлади. Бу эса ҳар бир мўминнинг энг олий муддаосидир.
Шунинг учун бизнинг доно уламоларимиз юқорида зикр этилан ояту ҳадисларни далил қилиб, пайғамбаримизнинг ҳаётлари, тарихлари ёзилган Мавлуди шарифни ўқишни ва уни нишонлашга фатво беришган. Мавлуд пайғамбаримизнинг тарихлари ва у зоти шарифнинг ким эканликларини эсдан чиқармаслик, ҳамда у зотга салавот айтиш учундирки, бу одат иншоаллоҳ, қиёматгача давом этади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ ва хулқ жиҳатидан инсонларнинг энг гўзали эдилар. Мавлуд маросимларида у зотнинг мана шундай улуғ сийратлари ва сифатлари эсга олинади. Ислом тарихида кўп шоир ва адиблар у зотнинг сурат ва сийратларини, хулқу шамойилларини сифатлашга уринишади ва бу ишни маромига етказишдан ожиз эканликларини эътироф этишган. Аммо шундай бўлсада, «Мавлудун набий» учун махсус китоблар яратилган. Шундай китоблардан бири 18 асрда Шом (Сурия)да яшаб ўтган араб шоири ва диний уламоси имом Жаъфар Барзанжий (ваф. 1763) раҳматуллоҳи алайҳнинг араб тилидаги «Мавлуди шариф» китоби бўлиб, уни кўпроқ уламолар ёд билганлар ёки илмий мажлис ва давраларида ўқиб берганлар. Айниқса, унинг шеърий қисмини ёд олиш осон бўлган.
Бутун ислом дунёсида Имом Жаъфар Барзанжийнинг ёзган «Мавлуд»лари ўқилади. (Бошқа юртларда мазкур асар ва бошқа асарлар ҳам ўқилади.) Бизнинг диёримизда ҳам Имом Барзанжийнинг «Мавлуд» асарини ўқиш одат тусига кириб қолган ва ҳозиргача давом этмоқда. Бунда пайғамбаримизнинг насаби шарифлари, туғилишлари, ҳаёт йўллари, ахлоқи ҳамидалари ва бошқа тарихлари зикр қилинади. Ҳар бир бандидан кейин бир мартадан барча йиғилганлар «Аттириллаҳҳумма қоброҳул карийм. Би ъарфин шазиййим мин солатив ва таслим. Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алай?» деб ўқиладиган салавоти шарифнинг бир тури ўқилади. Маъноси: «Эй Аллоҳ, дуо ва саломдан иборат бўлган ёқимли ва хушбўй ҳидлар билан у зотнинг қабрларини хушбўй қилгин. Эй Аллоҳ, у зотни раҳматингга олгин, саломат ва баракотлик қилгин».
Мавлуди шарифни нишонлаш жоиз эканлигига пайғамбаримизнинг ўзлари ишора қилганлар. Саҳобаи киромлар пайғамбаримиздан: «Эй Расулуллоҳ, сиз ҳар душанба куни рўза тутасиз, унинг сабаби нима?» деб сўраганларида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар:
«Мен шу куни туғилдим, шу куни пайғамбар қилиндим ва шу куни Менга (Қуръон) нозил қилинган» деганлар.
Мавлуди шариф қуйидаги тартибда ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади:
Аввал «Хатми сағир» (кичик хатм) қилинади, яъни «Тавба» сурасининг охирги 128-129-оятлари сўнгра 3 марта «Ихлос» сураси (такбир билан), 1 марта «Фалақ» сураси (охирида такбир билан), 1 марта «Фотиҳа» сураси ҳамда 1 марта «Бақара» сурасининг бошидаги 5 оят «муфлиҳун»гача ва «Оятул-курсий» тиловат қилиниб, дуойи фотиҳа қилинади. Сўнг Имом Барзанжийнинг «Мавлуд»ларидан қиёму дуолари билан қўшганда ҳаммаси бўлиб, 8 банд ўқилади ва охирида Мавлуднинг дуоси ўқилади ва дуоийи хайрлар қилинади.
Мавлуд ўқиш тугагач, таом ейилгандан кейин яна Қуръон оятларидан пайғамбаримизнинг сифатлари зикр қилинган жойларидан 4-5 оят ўқилади ва яна дуо қилинади.
Маросимнинг Қуръон билан бошланиб яна Қуръон билан тугатилиб, ўртада озроқ пайғамбаримизнинг Мавлудлари ёзилган тарихидан ўқилса, у ҳам салавот билан тугатилса, бунинг савоби улуғ бўлади инша Аллоҳ.
Шунингдек, Мавлудда «Маҳаллул-қиём» (тик туриш пайти) да пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзиман ўриндан турилади, бу эса шариат нуқтаи назаридан дуруст ҳисобланади. Баъзи адашган тоифалар Мавлуд маросимида ушбу жойида туришни ширк деб одамларни чалғитмоқчи бўладилар. Аслида динимиз кўрсатмаларида ота-она, устоз ва қавмнинг улуғи келганида ёки улар зикр қилинганда, уларни ҳурматлаш юзасидан турилса бу одобдан саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимки мени иймон-у ихлос билан яхши кўрса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади”.
Бинобарин, авлиёлар, уламолар Мавлуди шариф ҳақида ажойиб насиҳатлар қолдирганлар.
Жумладан:
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Агар Уҳуд тоғидек мол-давлатим бўлганида ҳаммасини сарф қилиб, Мавлуди шарифни ўқитишни дўст тутардим”.
Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимки Мавлуди шариф ўқиладиган жойда ҳозир бўлиб, уни қадрини улуғласа, албатта, иймони билан кетади”.
Маъруф Карҳий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимки Мавлуди шариф ўтказиш учун тайёргарлик қилаётганда вафот этса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло одамларни сафга тизаётганда уни пайғамбарлар сафига қўяди”.
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган эканларки, кимки мен фалон жойда Мавлуди шариф ўтказаман, деб қасд қилса ва мени дўст тутса, Наъим деган жаннатда мен билан бирга бўлади”.
Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хонадонда ёки масжидда Мавлуди шариф ўқилса, Аллоҳ таоло раҳмати барчага баробар ёғилади ва Мавлуди шариф ўқилган жойни раҳмат фариштаси ўраб олади”.
Яна Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларки: “Агар бир мусулмон ўз уйида Мавлуди шариф ўқитса, шу шаҳар ёки қишлоқдаги қимматчилик ва вабо касали йўқолади”.
Яна айтдиларки: “Агар ҳамиша Мавлуди шариф ўқитиб юрган киши вафот этса, Аллоҳ таоло унинг қабрдаги Мункар-Накир билан савол-жавобини осон қилади”.
Яна айтдиларки: “Кимки ихлос билан Мавлуди шариф ўқитса, Аллоҳ таоло уни бало ва офатлардан сақлайди”.
Яна айтдиларки: “Кимки Мавлуди шарифни ҳар йили Рабиъул аввал ойининг 11-куни, яни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг туғилган кунлари мунтазам равишда ўқитиб турса, Аллоҳ таоло у кишининг умрига, наслига, мол-дунёсига барака ато қилади”.