Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / «Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн-семинарлар давом этмоқда

«Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн-семинарлар давом этмоқда

Аввал хабар берилганидек, 8 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуи доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган онлайн-семинарларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият юритаётган ташкилот ва идоралар ҳамда хорижий мамлакатлардаги тадқиқотчи олимлар иштирок этди.

Бу галги анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, фалсафа фанлари номзоди, доцент Гулчеҳра Тулеметованинг “VIII-XIII асрларда Мовароуннаҳрда ислом уламолари ва файласуфларининг апологетик фаолиятида далиллаш масалалари” мавзуидаги маърузаси тингланди. Олима кўрсатилган даврда Мовароуннаҳрда калом илми ривожида муҳим ўрин тутган Шамсиддин Самарқандий амалга оширган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Унинг аргументлаштириш назарияси рационалистик усулларни шакллантириш, фактлар ва қарашлар ҳаққонийлигини исботлаш учун илмий далилларга бой эканини эътироф этди.

– Шамсиддин Самарқандий риёзиёт, ҳандаса ва фалсафа фанлари бўйича самарали изланишлар олиб бориб, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломадир. Унинг ҳаётини ўрганиш ва илмий меросини тадқиқ этиш бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас, – деди Г.Тулеметова.

Унинг фикрича, нафақат Шамсиддин Самарқандий, балки бошқа аллома ва мутафаккирларнинг ҳам бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш, ёш авлодга етказиш ҳозирги кунда муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу боис мутахассислар иштирокида бу каби илмий мулоқотларни кўпайтириш, ўзаро тажриба ва маълумот алмашиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

Семинар сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга олима томонидан илмий далиллар асосида атрофлича жавоблар қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …