Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ – ҲАДИС ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

ИМОМ БУХОРИЙ – ҲАДИС ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуфий ал-Бухорий ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июл) таваллуд топган. Имом Бухорий болалигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида ўсган. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан ўрганади. Ўн ёшидан бошлаб Бухородаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларини, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда иштирок этган. 825 йили ўн олти ёшли Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга қараб йўл олади, муқаддас шаҳарлар ҳисобланмиш Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшаб, ҳадис илмидан ўз билимларини янада ошириш мақсадида ўша давр илм-фан марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод шаҳарларида яшаб, машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда, фиқҳ илмидан ҳам таҳсил олади ва йирик олимлар даврасида илмий баҳс-мунозараларда қатнашиб, илм толибларига сабоқ ҳам беради. Имом Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий юртларда, мусофирликда ўтди. Бу ҳақда унинг ўзи: “Миср, Шом, Месопатамияга икки мартадан, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман”, деган экан. У сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганида ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз изланишлар олиб бориб, тўплаган ҳадисларини оққа кўчирар эди. Бағдодда яшаган чоғларида ой нурида ижод қилиб, қоронғу кечаларда шам ёруғида китоб ёзар экан. Илм олиш мақсадида Имом Бухорий жуда кўплаб олимлардан таҳсил олади. Нишопурлик ал-Ҳакимнинг ёзишича, устозларининг сони тўқсонталар атрофида бўлган. Ўз навбатида Имом Бухорий ҳам кўпгина шогирдларга устозлик қилган. Исҳоқ ибн Муҳаммад ар-Рамодий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Муҳаммад ибн Халиф ибн Қутайба, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абу Исо ат-Термизий, Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, Муслим ибн ал-Ҳажжож каби етук олимлар унинг шогирдларидир.

Термизлик машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари ибратли бўлган. Узоқ йиллар Шарқнинг турли-туман мамлакатларига сафар қилганидан кейин умрининг охирида Имом Бухорий 863-868 йиллари Нишопурда яшаб, мадрасада толиби илмларга ҳадис илмидан дарс берган. Ўша пайтда Нишопур Шарқнинг энг йирик илмий марказларидан бирига айланганлиги сабабли кўплаб машҳур олимлар шу шаҳарда тўпланган эдилар. Имом Бухорийнинг Имом Термизий билан учрашиб қолиши ҳам Нишопурда юз бериб, диёримиздан етишиб чиққан машҳур икки муҳаддис ўртасида унутилмас, қизғин илмий баҳслар, кўпгина ижодий, дўстона учрашувлар бўлиб ўтган. Имом Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни Имом Бухорий билан бўлган учрашувларидан олган. Шу билан бирга Имом Бухорий Термизийнинг билимини юқори баҳолаб: “Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан ортиқроқ”, деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган. Имом Термизий ўз устози ва сафдоши Имом Бухорийни бутун умри давомида ҳурматлаб, самимий садоқатда бўлган. Араб тарихчиси Шамсуддин аз-Захабийнинг “Тазкират ул-Ҳуфоз” номли асарида ёзишича, Термизий ўз устозининг вафоти туфайли қаттиқ қайғуга ботиб, кўп йиғлаганидан ҳатто кўзлари кўр бўлиб қолиб, кўзи ожиз ҳолда яшаган.

Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-одоби, одамохунлиги, мурувватлилиги ва беқиёс саховатлилиги билан бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятини кучлилиги билан халқ орасида ғоят катта шуҳрат қозонган. Манбаларда Имом Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган.

Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлган. Кўпчилик уни ҳурмат қилган, аммо баъзи ҳасадгўй, қора ниятли кишилар Имом Бухорийни кўролмас эдилар. Натижада ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий билан Имом Бухорий ўртасидаги алоқа бузилиб қолади. Бунга сабаб – амир олимдан ҳузурига келиб “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”, “Ат-Тарих” китобларини ўқиб беришини талаб қилади. Лекин Имом Бухорий “Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин, лекин Аллоҳ охират куни илмни яширмай уни толибларга сарф қилганим учун мени кечиради”, деган жавобни айтади. Амирга жавоб ёқмай, фитначи, бўҳтонкор кишиларнинг гапига кириб, Имом Бухорийга шаҳарни тарк этишини буюради. Шундан кейин Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бирмунча муддат Хартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндошлариникида яшагандан кейин оғир касалликка чалиниб, ҳижрий 256 йил (мелодий 870 йил 1 сентябрь) 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Имом Бухорий авлодларга, бой ва қимматли илмий меросни қолдирган бўлиб, унинг ёзган асарлари йигирмадан ортиқдир. Улардан “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”, “Ал-Адаб ал-Муфрад”, “Ат-тарих ас-сағир”, “Ат-тарих ал-авсат”, “Ат-тарих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бир ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буюк алломанинг энг машҳур асари, шубҳасиз,  “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ҳисобланади. Бу асар “Саҳиҳ ал-Бухорий” номи билан ҳам машҳурдир. Унинг ғоят аҳамиятли жиҳати шундаки, Имом Бухорийгача яшаб ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларни танлаб ўтирмай киритаверганлар. Имом Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларни ажратиб, алоҳида китоб шаклига келтирди.

Аллома ибн Салоҳнинг таъкидлашича, Имом Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони, такрорланадиганлари билан бирга 7275 та бўлиб, такрорланмайдиган ҳолда эса, 4000 ҳадисдан иборат бўлган. Бундай шарафли ишни биринчи бўлиб, Имом Бухорий бошлаб берган бўлиб, кейинчалик бошқа олимлар ҳам унга тақлид қилиб, шу зайлда ҳадислар тўпламини яратганлар. Имом Бухорийнинг ушбу йирик асари ёзилганига тахминан 1200 йил бўлган. Ўша даврдан бошлаб шу вақтгача у ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба ҳисобланади. Имом Бухорийнинг ушбу асари кўплаб шаҳарларда тарқалган. Ҳатто ўрта асрларда яшаган баъзи адиб ва хаттотлар учун бу асар нусхаларини кўчириш даромад манбаига айланган. Жумладан, таниқли олим ва тарихчи ан-Нувайрий (1332 йилда вафот этган) Имом Бухорийнинг ушбу асаридан саккиз нусха кўчириб, ҳар бирини минг дирҳамдан сотган. 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”га кўпгина шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида қайта-қайта нашр ҳам қилинган. Имом Бухорийнинг тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига тегишли умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-онага, аёлларга ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нималарни қилиш керак ва нималарни қилмаслик кераклиги ҳақида ёзилган.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …