Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзия Ислом цивилизацияси институти ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида 25 май куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан онлайн учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Eurosoft-DecorIT LLC” ахборот технологиялари ташкилоти, Малайзия Ислом цивилизацияси институти вакиллари ва дипломатлар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси муваққат вакили Суҳроб Васеев икки мамлакат ўртасидаги муносабат барча соҳаларда, жумладан, илмий-маърифий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори профессор Фариза Муҳаммад Шам ушбу муассасанинг ташкил этилиши, илмий жамоаси, фаолияти ҳақида сўзлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказ директори Шовосил Зиёдов Марказ фаолияти ва илмий ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида мухтасар маълумот берди.
Тадбирда “Малайзия қўлёзма фондларида сақланаётган Мовароуннаҳр олимларининг ҳаёти ва илмий меросига оид асарлар” мавзусида қўшма онлайн вебинар, семинар ва конференциялар ўтказиш, электрон китоблар, қўлёзмалар алмашувини йўлга қўйиш, Малайзия Ислом цивилизацияси институтининг онлайн кутубхонасига киритиш учун Марказнинг электрон маълумотлар базасида сақланаётган исломшунослик бўйича китобларнинг электрон нусхасини тақдим этиш, малайзиялик исломшунос олимларни Имом Бухорий халқаро стипендиясига жалб қилиш, Малайзия Ислом цивилизацияси институти академик журналларида Марказ тадқиқотчилари илмий мақолаларини нашр этиш ва Марказнинг “Имом Бухорий сабоқлари” журналида малайзиялик тадқиқотчилар мақолаларини чоп этишни йўлга қўйиш, магистрлик ва докторлик диссертацияларини тайёрлашда профессор-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда қўшма илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш билан боғлиқ кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
31 май куни ҳамкорликда “Ислом санъати кўргазмаси”ни ташкил этишга келишиб олинди.