Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Индонезия парламенти вакиллари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди

Индонезия парламенти вакиллари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди

Айни кунларда расмий ташриф билан юртимизда меҳмон бўлиб турган Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси Спикерининг саноат ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидаги делегация аъзолари 19 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди.

Марказ директори Ш.Зиёдов меҳмонларга мазкур илмий муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз ўрнида Раҳмат Гобель юртимизга ташрифи доирасида 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашгани, мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилганини қайд этди.

Мартабали меҳмон Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, диний-маърифий ва бошқа соҳаларда кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, юртимизда буюк алломалар хотираси ва меросига ҳурмат ва илм аҳлига қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …