Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳазрати Усмон Мусҳафига бағишланган видеоролик Қувайтда намойиш этилди

Ҳазрати Усмон Мусҳафига бағишланган видеоролик Қувайтда намойиш этилди

«Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, Тошкентдаги «Ҳазрати Имом» мажмуасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафига бағишланган видеоролик Қувайт миллий телевидениесининг маданият, маърифат ва туризм соҳаларига ихтисослашган «Исро» махсус дастурида намойиш этилди.

Агентлик томонидан «Ўзбекистон. Ислом қадамжолари» туркумида суратга олинган ушбу видеоролик мамлакатимизнинг Қувайтдаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди.

Рамазон ойида эфирга узатилган ушбу видеролик Қувайт аҳолиси томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва ижобий баҳоланди.

Хабарга кўра, Қувайт миллий телевидениеси масъул вакили келгусида Ўзбекистон, хусусан, унинг буюк тарихи, асрлар давомида муборак динимиз ва дунё цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, бой маданий ва илмий салоҳиятига бағишланган туркум телекўрсатувлар тайёрлаш нияти борлигини маълум қилган. 

Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг гуллаб-яшнаши, дин, илм-фан, математика, астрономия ва бошқа фанларнинг тараққиётига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Имом Термизий, Замахшарий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк уламолар етишиб чиққанини қайд этиб, Ўзбекистоннинг буюк маданий меросини Қувайтда тарғиб қилиш мақсадида эканликларини билдирган.  

Таъкидлаш жоизки, Қувайт миллий телевидениеси дастурида асл нусхаси Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи тўғрисидаги видеоролик Қувайт сунъий йўлдошлари орқали тўрт маротаба эфирга узатилган. Ушбу видеоролик кўплаб телетомошабинларга манзур бўлган ва улар Ўзбекистон тўғрисида кўпроқ маълумот тақдим этишни сўраб мурожаат қилишган. Шу боис Қувайт миллий телевидениеси гуруҳи яқин вақтларда Ўзбекистонга ижодий сафар билан келишни режалаштирмоқда.  

Қайд этиш лозимки, хорижий мамлакатлар вакилларининг юртимизга бўлган қизиқиши ортаётгани, миллий маданий меросимиз ва буюк алломаларимиз илмий меросига нисбатан эътибори ҳар биримизга улкан фахр-ифтихор бағишлайди. Мамлакатимизнинг мавжуд илмий-маданий салоҳиятини дунё миқёсида кенг тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада жонлантириш долзарб вазифаларимиздан бири бўлмоғи лозим. Бу Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги имижини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.  

Check Also

Истиқболли таклиф ва тавсиялар шакллантирилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бир гуруҳ илмий ходимлари мамлакатимиз олимларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази …