Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон – Ислом оламининг маънавий марказларидан бири

Ўзбекистон – Ислом оламининг маънавий марказларидан бири

Ўзбекистонда муқаддас ислом дини софлигини таъминлаш, буюк алломалар меросини ўрганиш ва уларнинг қадамжоларини ободонлаштириш, шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган изчил ўзгаришлар мусулмон оламининг таниқли вакиллари томонидан кенг эътироф этилмоқда.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Улуғ Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ўзбекистон халқининг тақдирига тарих бўйлаб буюк давлатчилик тафаккурига эга йўлбошчилар насиб этган. Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон халқи ва давлати ҳаётида ижобий йўналишдаги мисли кўрилмаган ишлар рўй бергани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Бутун дунё Ўзбекистоннинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигига, халқ ва давлат бирлигининг мустаҳкамланишига, мамлакат эришаётган салмоқли иқтисодий ютуқларга гувоҳ бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, республика юксак чўққиларга кўтарилаётгани ҳолда Марказий Осиёдаги етакчилик ўрнини мустаҳкамламоқда.

Мен диний арбоб сифатида Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий муваффақиятлари билан бир қаторда ижтимоий соҳада, хусусан, диний-маънавий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича Аллоҳга хуш келадиган ишлар ва глобал аҳамиятдаги лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Ўзбекистон Ислом оламининг машҳур маънавий марказларидан биридир. Исломнинг илмий жиҳатдан тадқиқи, мусулмон меросининг тарғиби йўналишида мамлакат бутун дунё миқёсида муҳим ўрин тутади. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизмати том маънода тарихий аҳамият касб этмоқда. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, давлатингиз раҳбари томонидан ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё, умуман, ислом оламининг номига шараф келтирувчи, умумбашарий аҳамиятга эга бўлган миссиядир.

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даври ғоясининг амалга оширилиши ўз халқининг миллий-маънавий қадриятларига юксак эҳтиром кўрсатган олий давлат арбобининг иқтидорида бўлган муҳим фаолиятдир. Қисқа муддат ичида Ўзбекистонда Ислом цивилизадияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари ва бошқа илм масканларининг яратилиши ўзбек халқининг саводхонлигини янада оширишга, унинг бой маънавий мероси чет элларда янада чуқур ўрганилиши ва эътироф этилишига қаратилган давлат сиёсатининг эътиборга молик натижалари ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистонда Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Хоразмий, Бухорий, Термизий, Мотуридий, Алишер Навоий ва бошқа дунё миқёсида маълум ва машҳур тарихий сиймолар меросига чексиз ҳурмат ҳукмрон.

Ўзбекистон раҳбариятининг диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича ташаббуслари, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда тинчлик ва осойишталик, динлараро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мамлакатларимиз етакчилари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро яқин муносабатлари, уларнинг маънавий-ахлоқий ҳамда диний қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари дўст озар ва ўзбек халқларининг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда.

Озарбайжон ва Кавказ халқларининг тақдири Бухоро, Самарқанд ва Тошкент билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу тарихий шаҳарлар минтақамизда илм, диний ва маданий алоқаларнинг шаклланишига тарихан муҳим таъсир кўрсатган. Мен таълим олган Тошкент, Бухоро шаҳарлари ҳаётимда алоҳида ўринга эга. Мен Ўзбекистонни ўз Ватаним деб билганман. Юртингизга муҳаббатим чексиз. Шунинг учун ўзбек халқи қўлга киритган ютуқлардан беҳад севинаман.

Қодир Раббимиз Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг тинчлиги, бирлиги ва фаровонлигини янада зиёда этсин.

Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода,
Кавказ мусулмонлари идораси раиси

 

— Ўзбекистон тарихда бўлгани каби бугунги кунда ҳам тамаддун маркази ҳисобланади. Юртингиз тарихда Мовароуннаҳр ва Туркистон номлари билан машҳур бўлган. Бу заминдан неча-неча олиму уламолар етишиб чиқди. Улар қолдирган маънавий мерос бугун ҳам жаҳон тамаддунига хизмат қилмоқда. Ўтмишда ушбу минтақага саёҳат қилган тарихчилар Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз каби шаҳарларнинг маҳобатини эътироф этиб, бу масканларни “исломнинг қуббаси” дея таърифлаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ушбу заминдаги муаззам илм марказларини қайтадан жонлантириш учун муҳим чора-тадбирларни кўрмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу марказларда ўзбек олимлари диний-маърифий соҳада изчил тадқиқотлар олиб бормоқда. Ишонаманки, бу каби илм марказларининг амалий муваффақияти натижасида Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланади — Учинчи Ренессанс барпо этилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида юртингиздан яна мотуридийлар, насафийлар, самарқандийлар ва бухорийлар етишиб чиқишига ишончим комил.

Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ўзгаришлар бутун мусулмон дунёсида тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, Ўзбекистон ва Туркия олимлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мен ушбу соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар учун Ўзбекистон раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, Рамазон ҳайити муносабати билан бутун Ўзбекистон халқини чин қалбдан табриклайман.

Сўнмез Кутлу,
Туркиянинг Анқара университети илоҳиёт факультети профессори:
“Дунё” АА
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 13 май, № 97 (353)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …