Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони Карим саҳифасининг дунёдаги энг катта қўлёзмасини қўлда кўчириш ишлари якунига етди.
Бу ҳақда марказ директори Шоазим Мунавваров ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида маълум қилди.
Ушбу саҳифа Бойсунғур Мирзо томонидан отаси султон Шоҳруҳ Мирзо учун махсус кўчирилган Қуръон саҳифасининг бироз катталаштирилган такроридир.
Саҳифани Марказ ҳаттоти, Тошкент Ислом институти битирувчиси Нажмиддин Фаёзий Нуриддин ўғли 6 ой мобайнида кўчирди. Махсус қоғоз Япониядан, буёқлар Туркиядан келтирилди ва саҳифага ўзбек олтини суви билан ҳал берилди. Табаррук саҳифа Ислом цивилизацияси марказидаги Усмон Қуръони учун жиҳозланаётган хонақодан жой олади.
Маълум қилинишича, Ислом цивилизацияси маркази қўлёзма Қуръон саҳифасини Гиннес рўйхатига киритиш юзасидан музокаралар олиб боришга киришди.