Home / ЯНГИЛИКЛАР / Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бугунги кунда маънавий қадриятларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросида улуғланган, халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозлаб келинаётган инсонпарварлик, шукроналик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини кучайтириш ҳамда муборак Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май – пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–6122-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ–6222-сон Фармони билан 2021 йил 14–15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                        Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2021 йил 10 май

Манба: ЎзА

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …