Home / ЯНГИЛИКЛАР / МИЛЛАТЛАР ВА КОНФЕССИЯЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР — МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ

МИЛЛАТЛАР ВА КОНФЕССИЯЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР — МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ

Бугун мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳалардаги туб ислоҳот ва эврилишларда ҳам кўриш мумкин. Президентимиз ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосидаги янгиланишлар том маънода халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва мамлакат тараққиётида ўз бўй-бастини кўрсата бошлади.

Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланаётир. Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Эътиборлиси, БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслари асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Бу резолюциянинг асосий мақсади барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф қилишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка катта эътибор қаратилган.

Мазкур резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаш, таълим олиш, меҳнат қилиш, иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, “мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди”.

Дарҳақиқат, Бош қонунимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилган бўлса, 18-моддада мамлакатимизда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.

2017 йил 19 майда Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Мазкур ҳужжатда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та Дўстлик жамияти, 2276 та диний ташкилот тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 та тилда олиб борилмоқда. Телерадио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 та тилда эфирга узатилиб, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этиляпти. Республикамиздаги турли миллий марказлар давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида фаол иштирок этиб келади. Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан битта, Ватан ягона”, “Бизнинг кучимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби  фестиваллар миллатлараро дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишини таъминламоқда.

Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, миллий анъана ҳамда қадриятларини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат.

Бунинг аҳамиятини Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллатлараро муносабатлар масаласига алоҳида эътибор қаратганидан ҳам англаш мумкин. Давлатимиз раҳбари жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш заруратини қайд этиб, БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан ҳар йили 30 июль Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис, мазкур санани Ўзбекистонда Халқлар дўстлиги куни деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.

Ўзбекистоннинг бу соҳадаги саъй-ҳаракатлари дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳам кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд ал-Ҳусайн ўз интервьюсида бугунги таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканини қайд этиб ўтди.

Мамлакатимизда бу соҳада ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги тизими яратилди. Мазкур тизим турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади.

Минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси бўлиб келган юртимиз тараққиётида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлган. Бугунги кунда ҳам ўлкамизда турли халқлар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан диний маърифат соҳасида юритилаётган сиёсат ҳақиқий маънода дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шуҳрат ЁВҚОЧЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори,
сиёсий фанлар доктори, профессор
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 5 май, №90 (346)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …