Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ар-Риёдда ўтказилган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилишида аниқ келишувларга эришилди

Ар-Риёдда ўтказилган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилишида аниқ келишувларга эришилди

Кеча Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ раислигида Савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиянинг IV йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, учрашувда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, Саудия Арабистонининг йирик компания ва саноат холдинглари раҳбарлари қатнашди.

Йиғилиш кун тартиби билан икки томонлама инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари қамраб олинди.

Делегациялар раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги стратегик, тизимли ва кўп қиррали шерикликни фаоллаштиришнинг жадал суръатларини таъкидладилар. Бунга турли даражадаги масалаларни таҳлил этиш ва ҳал қилишда ўзаро англашувнинг юқори даражаси, шунингдек, икки мамлакат вазирлик ва идораларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил кенгайтириш борасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳисобига эришилди.

Шу билан бирга, узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг барқарор механизмларини яратиш зарурияти тилга олинди. Бу айниқса, коронавирус пандемияси таъсирида жаҳон иқтисодиётида сақланаётган салбий тенденциялар рўй бераётган бир пайтда муҳимдир.

Энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм, меҳмонхона бизнеси, транспорт ва логистика каби тармоқларда икки томонлама инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим ишга солинмаган имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Соғлиқни сақлаш, кимё ва фармацевтика саноати соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Алоҳида тартибда ўзаро савдо масалалари кўтарилди ва уни фаоллаштириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмасининг ўсиши учун саноат кооперациясининг янги қўшма лойиҳалари катализатор бўла олишини таъкидлаб, бу йўналишда биргаликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Молия соҳасида шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, мулоқот давомида Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси (САТЖ) билан ҳамкорликда эришилган ютуқларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, жорий йил бошидан буён Жамғарма томонидан умумий қиймати 300 млн долларга тенг 10та лойиҳа молиялаштирилди. Бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини ижобий баҳолаб, томонлар Саудия Арабистони инвесторлари ва молия институтлари орасидан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун янги шерикларни жалб этишда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Йиғилиш давомида Ислом тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда Иқтисодий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши ҳақида сўз борди. Унинг вазифаларига хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш киради.

Шунингдек, тадбир давомида маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорликнинг айрим масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистонда Миллий соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва таркибига тиббий-диагностика, таълим ва тадқиқот объектлари кирувчи тиббий кластерларни яратиш бўйича Саудия Арабистони тиббиётининг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунлари бўйича энергетика, қишлоқ хўжалиги ва стандартлаштириш соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлигини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини акс эттирувчи якуний баённома имзоланди.

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …