Ҳукумат қарори билан жорий йилдан Умра мавсуми йил бўйи узлуксиз давомланиши эълон қилинди. Авваллари муайян зиёратчиларгина Умра сафарига отланган бўлса ҳозирда бу чекловлар олиб ташланди. Шу пайтга қадар ҳар йили 5 минг юртдошимиз ҳаж сафарига ва 6 минги умра зиёратларига борганини инобатга олсак, ўзбекистонликларнинг диний ибодатларни амалга ошириши учун чекловнинг олиб ташлангани бугунги ривожланиш талабларига ҳамоҳанг такомиллаштириб борилаётганидан далолатдир.Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча, яъни 1943-1991-йилларда бор-йўғи 140 нафарга яқин юртдошимиз муборак ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган.
2019-йилдан бошлаб йилига минг минглаб ватандошимиз умра амалларини бажариш имконига эга бўлади.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, жорий этилаётган қулайликлар юртдошларимизнинг кўнглини кўтариб, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳитига шукроналик келтиришида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Бошланган Умра мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаж ва умра амалларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан юртдошларимизга хизмат кўрсатиш ишлари мувофиқлаштириб борилаётир.
Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар, шунингдек, сафар талаблари хусусида тушунтириш бериш мақсадида жойларда зиёратчилар гуруҳлари учун сафаролди учрашувлари ташкил этилди.
Ватандошларимиз Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Зиёратчилар учун мавсум давомида 5 юлдузли меҳмонхона, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади.